Меҳнат хавфсизлигида янги давр: у олдимизга қандай талабларни қўяди?
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида мамлакатимиз тараққиётининг муҳим натижаларини сарҳисоб қилар эканмиз, инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, энг муҳими, ҳаёти ва соғлиғини асраш масалалари алоҳида аҳамият касб этади.
Ишлаб чиқариш жараёнларининг мураккаблашуви, технологик хавфларнинг ортиши, янги меҳнат шаклларининг пайдо бўлиши ҳамда халқаро меҳнат стандартларига мослашиш зарурати соҳада тубдан такомиллаштиришни тақозо этади.
Соҳанинг янги ҳуқуқий пойдевори
2025–2026 йилларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 454, 637, 706 ва 819-сон қарорлари меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасининг турли бўғинларини такомиллаштиришга қаратилган муҳим ҳуқуқий асосларни шакллантирилди.
Мазкур ҳужжатлар ичида 2025 йил 24 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасига оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги 819-сон қарори алоҳида ўрин тутади. Чунки айнан ушбу қарор ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати фаолиятини ташкил этишнинг ягона тартибини белгилаб берди.
Ходимларни йўл-йўриқдан ўтказиш ва ўқитиш, билимларини текшириш, малакасини ошириш, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш, ходимлар вакиллари фаолиятини ташкил этиш каби муҳим жараёнлар ягона тизимга келтирилди.
Шунингдек, 2025 йил 21 июлда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги 454-сон қарори — меҳнатни муҳофаза қилишни бошқаришнинг замонавий механизмларини белгиласа, 819-сон қарор ушбу тизимни ташкилотлар даражасида амалиётга жорий этишнинг асосий пойдеворини яратди.
Натижада меҳнатни муҳофаза қилиш алоҳида тадбирлар ёки ҳужжатлар йиғиндиси эмас, ташкилот бошқарувининг узвий қисми сифатида қараладиган тизимга айланмоқда.
Президентимиз ташаббуси — янги вазифалар ва янги масъулият
Бугунги ислоҳотларнинг яна бир муҳим жиҳати — меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича долзарб масалаларнинг давлат сиёсати даражасига олиб чиқилаётганидир.
Давлатимиз раҳбари томонидан меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларни текшириш ва ҳисобга олиш тизимини илғор халқаро тажриба асосида такомиллаштириш юзасидан берилган топшириқлар асосида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Мазкур лойиҳа бахтсиз ҳодисалар ҳақида хабар бериш, уларни текшириш ва ҳисобга олиш, етказилган зиённинг ўрнини қоплаш, текширувларнинг холислиги ва шаффофлигини таъминлашга қаратилган янги механизмларни ўз ичига олади. Шунингдек, ушбу вазифа давлат дастурига киритилди.
Меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари эндиликда фақат тегишли идоралар ёки мутахассисларнинг вазифаси эмас, балки давлат сиёсатининг аниқ ва назорат қилинадиган йўналишларидан бирига айланди.
Энди асосий эътибор бевосита ҳодисага олиб келиши мумкин бўлган хавфларни олдиндан аниқлаш ва бошқаришга қаратилмоқда.
Меҳнатни муҳофаза қилиш — давлат кун тартибидаги масала
2026 йил давлат дастурида 28 апрель — Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни муносабати билан республика бўйлаб “Меҳнатни муҳофаза қилиш” ҳафталиги ҳамда унинг доирасида халқаро конференция ўтказиш вазифаларининг белгиланиши соҳадаги давлат эътиборининг янги даражасини намоён этди.
Аввал ҳам меҳнатни муҳофаза қилишга бағишланган халқаро ва республика миқёсидаги конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбирлар ўтказилган. Бироқ ушбу йўналишнинг давлат дастурлари ва Вазирлар Маҳкамаси фармойишлари асосида республика миқёсида тизимли ташкил этилиши муҳим институтсионал қадам бўлди.
Бу орқали халқаро тажрибани ўрганиш, илғор амалиётларни оммалаштириш, иш берувчилар ва мутахассисларнинг масъулиятини ошириш ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича долзарб масалаларни кенг профессионал муҳокамага олиб чиқиш учун янги имкониятлар яратилди.
Меҳнат хафвсизлиги қоидаларига ўзгартиришлар киритилмоқда
2025–2026 йилларда меҳнатни муҳофаза қилишга оид 150 дан ортиқ қоида ва меъёрларга ўзгартиришлар киритилди. Бу рақам соҳанинг норматив-ҳуқуқий базаси замонавий талаблар асосида фаол равишда такомиллаштирилаётганини кўрсатади.
Шунингдек, халқаро стандартларни миллий амалиётга жорий этиш йўналишида O‘zMSt ISO 45002:2025 ва O‘zMSt ISO 45003:2025 миллий стандартларининг қабул қилиниши муҳим қадам бўлди.
Айниқса, ISO 45003 орқали иш жойидаги психосотсиал хавфларга эътиборнинг кучайиши меҳнатни муҳофаза қилишнинг замонавий мазмунини янада кенгайтирмоқда. Хавфсиз меҳнат муҳити эндиликда нафақат жисмоний хавфлардан ҳимояланиш, балки ходим учун соғлом ва барқарор иш муҳитини шакллантиришни ҳам англатади.
Кейинги қадам — рақамлаштириш
Меҳнат шароитларини баҳолаш ва давлат экспертизасидан ўтказиш тизимини такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ҳам ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.
Унда аттестация ва давлат экспертизаси тартибларини ягона ҳуқуқий ҳужжатда бирлаштириш, жараёнларни махсус рақамли дастур орқали амалга ошириш, ҳужжатларни электрон шаклга ўтказиш, ягона электрон маълумотлар базасини яратиш ҳамда давлат хизматларини рақамли шаклда кўрсатиш назарда тутилмоқда.
Асосий мақсад — холислик ва шаффофликни таъминлаш, инсон омилидан келиб чиқадиган хавфларни камайтириш ва меҳнат шароитларига бериладиган баҳони аниқ маълумотларга асослашдир.
Янги босқичнинг асосий мезони
2025–2026 йиллардаги ўзгаришларга умумий назар ташлаганда, битта муҳим хулосага келиш мумкин. Биз фақат янги қоидаларни қабул қилаётганимиз йўқ. Меҳнатни муҳофаза қилишга бўлган ёндашувни ўзгартирмоқдамиз.
Шу маънода, 454 ва 819-сон қарорлар билан шакллантирилаётган бошқарув тизими, бахтсиз ҳодисаларни текшириш механизмларининг такомиллаштирилиши, 150 дан ортиқ норматив ўзгариш, халқаро стандартларнинг жорий этилиши, давлат дастурларига соҳа масалаларининг киритилиши ва рақамлаштириш жараёнлари ягона мақсадга — хавфсиз меҳнат муҳитини таъминлашга хизмат қилади.
Олдимиздаги асосий вазифа — қабул қилинган ҳужжатлар талабларини ҳар бир ташкилотда амалиётга тўлиқ жорий этиш, уларни кундалик фаолиятга сингдириш ва юксак меҳнат хавфсизлиги маданиятини шакллантиришдир.
Ҳар бир иш берувчи меҳнатни муҳофаза қилишни харажат эмас, барқарор ривожланишнинг зарур шарти сифатида қабул қилиши, ҳар бир мутахассис хавфларни бошқаришга қодир профессионал бўлиши, ҳар бир ходим эса хавфсиз меҳнат қилиш ҳуқуқини англаши зарур.
Мустақилликнинг 35 йиллиги биз учун нафақат босиб ўтилган йўлни сарҳисоб қилиш, балки олдимиздаги масъулиятни белгилаш учун ҳам муҳим даврдир.
Шукурулло Мавлянов,
Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича
бош давлат техник инспектори