МДҲ майдонида Ўзбекистон – Арманистон ҳамкорлиги
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги майдонида Янги Ўзбекистон ташқи иқтисодий сиёсати одатда йирик савдо шериклиги, улкан бозор ёки транзит имконияти билан ўлчанади. Шу нуқтаи назардан Арманистон бир қарашда асосий ҳамкорларимиз қаторида кўринмаслиги мумкин. Бинобарин, таҳлилчилар Ўзбекистон – Арманистон муносабатини ҳажман йирик бўлмаса-да, таркибан қизиқарли шериклик модели сифатида кўришади.
Бу ерда гап анъанавий хом ашё савдоси эмас, балки фармацевтика, тиббий ускуналар, ахборот технологиялари, консалтинг, туризм ва Евросиё иқтисодий иттифоқи билан боғлиқ институционал логистика каби йўналишлар ҳақида кетмоқда. Зеро, Арманистон Тошкент учун бир томондан Кавказга чиқиш нуқтаси, иккинчи томондан ЕОИИ ичидаги амалий шерик сифатида аҳамият касб этади.
Савдо ўсиши суръати
Арманистон ТИВ маълумотига кўра, икки мамлакат ўртасидаги умумий товар айланмаси 2020 йил 7,6 миллион, 2021 йил 13,4 миллион, 2022 йил 27,7 миллион, 2023 йил 35,6 миллион, 2024 йил эса 35,2 миллион долларни ташкил қилган. 2025 йил январь-май ойларида бу кўрсаткич 15,7 миллион долларга тенг бўлган. Яъни, 2020-2024 йиллар оралиғида савдо қиймати қарийб тўрт ярим баробар ошган. Бу рақамлар икки хулосага олиб келади. Биринчиси – йўналишлар ҳали кўп эмас. Иккинчиси – томонлар дастлабки ўсиш босқичидан ўтиб бўлган.
Таҳлилда яна бир муҳим жиҳат кўринади. Ўтган йил январь-май ойларида Арманистон экспорти 4,9 миллион, импорти 11,5 миллион доллар бўлган. 2024 йил экспорт 12,5 миллион, импорт эса 22,8 миллион доллар даражасида қайд этилган. Демак, ҳозирги босқичда савдо мувозанати Арманистон нуқтаи назаридан манфий, Ўзбекистон нуқтаи назаридан эса нисбатан қулай. Бу мамлакатимиз учун мазкур йўналиш ҳали истеъмол ёки логистика бозори эмас, балки экспорт ва соҳавий кириш майдони эканини кўрсатади.
Икки томонлама савдо таркибида аниқ соҳавий мантиқ бор. Ўзбекистон шерик давлатга кўпроқ енгил саноат, кимё ва электротехника унсурлари билан кириб бормоқда, Арманистон эса фармацевтика ва тиббиёт йўналишида нисбатан юқори қўшилган қийматли сегментда қатнашмоқда. Арманистон ТИВ ҳисоботида асосий импорт товарлари сифатида тўқима мато, шиша маҳсулотлари, пахта ипи, бино ва ер участкаларини иситадиган ва бошқа турдаги электр жиҳозлари, сульфат, персульфат ва кислота келтирилган. Экспортда эса дори воситалари, тиббий ускуна, ҳўл ва қадоқланган мева, ёнғоқ, қон зардоби, вакцина, митти организм ва этил спирти устувор. Бу рўйхат ўзаро савдо тасодифий эмаслигини кўрсатади.
Қайд этиш жоиз, келажакдаги асосий масала савдо ҳажмини кўр-кўрона ошириш эмас, балки айнан мавжуд товар тузилмасини тармоқлараро кооперацияга айлантиришдир. Масалан, агар ҳозир дори воситалари ва тиббий жиҳозлар айирбошланаётган бўлса, кейинги босқичда фармацевтика кластери, дистрибуция маркази ёки лицензияланган қўшма ишлаб чиқариш масаласи кун тартибига чиқиши табиий. Худди шундай, электр жиҳозлари ва тўқимачилик маҳсулотлари бўйича ҳам савдодан саноат кооперациясига ўтиш имкони мавжуд.
Янги ўсиш нуқтаси
Савдо статистикаси ҳали салмоқли бўлмаса, муносабатлар янги драйверини анъанавий тармоқлар эмас, балки ташқаридан излаш керак. Шу жиҳатдан IT ва аутсорсинг энг истиқболли йўналиш сифатида кўрилади.
“IT Park Uzbekistan” маълумотига кўра, Ўзбекистон делегациясининг Арманистонга ташрифи давомида “Miro” ва бошқа етакчи компаниялар билан учрашувлар ўтказилган. Томонлар мавжуд ечимларни мамлакатимиз IT секторига интеграция қилиш, қўшма лойиҳа ишлаб чиқиш ва корхонанинг республикамиз бозорига кириш эҳтимолини муҳокама қилган. “KerPak” асосчиси билан стартап ва IT ташаббусларини ривожлантириш бўйича музокара ўтказилган. “CodeAcademy” билан эса дастурлаш ва техник кадр тайёрлаш орқали экспорт салоҳиятини оширишга доир ҳамкорлик имконияти таҳлил қилинган. Хабарда қатор компаниялар “IT Park Uzbekistan” билан узоқ муддатли шериклик ўрнатиш, юртимизда филиал очиш имкониятини ўрганаётгани ҳам қайд этилган.
Шунингдек, “Ameria Advisory” билан хорижий инвестиция жалб қилиш, IT, қайта тикланувчи энергия, юқори технология ва телеком соҳасида тажриба алмашиш, “Quantori” билан Марказий Осиёда биотехнология ва фармацевтика учун рақамли хизматни кенгайтириш бўйича музокара олиб борилган. Демак, Арманистон билан ҳамкорлик жараёнида IT шунчаки соҳа эмас, балки фармацевтика, тиббий техника ва юқори технологияни қўллаб-қувватлайдиган горизонтал инфратузилма сифатида кўриляпти.
Шу маънода айнан рақамли хизмат, KPO/BPO, medtech-IT ва стартап алмашинуви икки давлат иқтисодий алоқаларида янги драйверга айланиши эҳтимоли кучли.
Хуллас, Ўзбекистон – Арманистон муносабатлари ҳозирча МДҲ майдонида асосий йўналиш эмас. Бинобарин, айнан шу боис мавзу стратегик жиҳатдан қизиқ. Бу жараёнда ҳажм, миқдор эмас, таркиб ва салоҳият муҳим. Бошқача айтганда, Ўзбекистон – Арманистон алоқаларини шунчаки “кичик савдо шериклиги” дея баҳолаш тўғри эмас. Таҳлилчилар бундай шерикликни ҳажман кичик, сифат нуқтаи назаридан эса муҳим ҳисобланган фармацевтика, IT, консалтинг, туризм ва ЕОИИ институционал муҳити билан боғлиқ янги форматдаги муносабат, деб баҳолайдилар.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА