Майданак — тоғ туризмининг янги манзили
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қашқадарё вилояти Қамаши туманида, денгиз сатҳидан 2 минг 750 метр баландликда жойлашган Майданак баланд тоғ туристик марказида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ерда тоғ, экологик ва илмий туризм йўналишларини қамраб олган замонавий мажмуа барпо этилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 28 ноябрда қабул қилинган «Қашқадарё вилоятининг тоғли ва тоғолди ҳудудларида туризм ва спортни ривожлантириш, замонавий инфратузилмани барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида Майданакда умумий 58,6 гектар майдонни қамраб олган туристик объектлар мажмуаси юзага келмоқда.
[gallery-31229]
Ҳудудда меҳмонлар учун турли форматдаги турар жойлар қурилган. Скандинавия услубидаги ёғоч коттежлар, А ҳарфи кўринишидаги замонавий уйлар ҳамда “МАЙДАНАК” бренди остидаги модулли капсула уйлар тоғ манзарасига уйғун жойлаштирилган.
Туристик марказда дам олиш ва кўнгилочар масканлар ҳам бор. Болалар ва катталар учун арқонли тўсиқлар, кўприкчалар ва бошқа элементлардан иборат роуп-парк ишлаб турибди.
Майданакнинг муҳим туристик имкониятларидан яна бири — илмий туризм. Бу борада расадхона алоҳида аҳамиятга эга. Астрономияга қизиқувчилар учун 2 та катта ва 2 та кичик телескоп ўрнатилган бинолар таъмирланиб, кузатув имкониятлари яхшиланмоқда.
Расадхона атрофидаги 7 минг 900 гектарлик Зарафшон арчалари ўрмон ҳудудида ўтов уйлари ҳам ташкил этилган. Мазкур масканда маҳаллий ва хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатилмоқда. Туристик марказ ҳудудида 2 та вертолёт қўниш майдончаси ҳам қурилган.
Майданакдаги туристик инфратузилманинг кенгайиши маҳаллий аҳоли учун янги даромад манбаларини юзага келтирмоқда. Хизмат кўрсатиш, экскурсияларни ташкил этиш ва ҳунармандчилик йўналишларига аҳоли жалб қилинган.
Баланд тоғ ҳудудининг мусаффо ҳавоси, арчазорлари, табиий манзаралари ва тунги осмонни кузатиш имконияти Майданакнинг экологик ва илмий туризм салоҳиятини янада оширади.
Айни пайтда туристик марказда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари давом этяпти. Кейинги босқичларда ресторан, кафе, спорт заллари ва бошқа сервис объектларини ишга тушириш кўзда тутилган.
Майданакда яратилаётган инфратузилма тоғ туризмини ривожлантириш, ҳудуднинг табиий ва илмий салоҳиятидан самарали фойдаланиш ҳамда Қамаши туманининг туристик жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ(сурат),ЎзА