Масъулиятли бўлиш ва табиатга ҳурмат билан ёндашиш зарурлиги тушунтирилди
7-апрель – Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш куни муносабати билан Ўзбекистон Экология Партиясининг Сирдарё вилояти Боёвут туман Кенгаши ташаббуси билан Боёвут тумани 1-сонли техникум мажлислар залида ёшлар иштирокида маънавий-маърифий учрашув ташкил этилди.
Мазкур тадбирнинг асосий мақсади ёшлар онгида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ҳаётий қарорларига масъулият билан ёндашиш ва экологик маданиятни юксалтириш эди. Учрашув давомида соғлиқ ва атроф-муҳитнинг узвий боғлиқлиги, эрта никоҳнинг салбий оқибатлари ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг хавф-хатарлари ҳақида атрофлича тушунчалар берилди.

Тадбирда ёшлар билан очиқ мулоқот ўрнатилиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди, қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар берилди. Шунингдек, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик мувозанатни сақлаш ва ҳар бир шахснинг бу борадаги шахсий масъулияти масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
– Ёшлар – келажакнинг эгаси. Уларнинг онгида соғлом турмуш тарзи ва экологик маданиятни шакллантириш нафақат шахсий саломатликлари учун, балки барқарор ва яшил келажак учун ҳам муҳимдир, – дейди Ўзбекистон Экология Партиясининг Сирдарё вилояти Боёвут туман Кенгаши раиси Шерзод Бекқулов. – Бугунги учрашув орқали ёшларимизга ҳаётий қарорларда масъулиятли бўлиш ва табиатга ҳурмат билан ёндашиш зарурлиги тушунтирилди.

Боёвут тумани 1-сонли техникум директори ўз нутқида экологик маданиятни шакллантириш аввало оиладан, инсоннинг ички дунёси ва кундалик одатларидан бошланиши лозимлигини таъкидлаб, ёшлар учун амалий ва муҳим тавсиялар берди. Шу билан бирга, соғлом турмуш тарзи ва экологик маданиятнинг ёшлар ҳаётидаги аҳамиятини янада очиқ ва тушунарли тарзда гапириб берди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири