Марказий Осиёда ягона (+видео)
Дунёда кафел ишлаб чиқарувчи корхоналар кўп. Ўзбекистоннинг ўзида бу маҳсулот 47 та корхонада етказиб берилмоқда. Аммо юқори сифатли, катта ўлчамдаги керамогранит ишлаб чиқарувчилар сони жуда кам.
Яқинда фаолиятини бошлаган “Crown Ceramic” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасида 400 нафар ишчи ўрни яратилди. Унинг лойиҳа қиймати 70 млн.доллар эди. Ҳудди шунча маблағ инвестиция сифатида ўзлаштирилди. Бу ерда йилига 8 миллион квадрат метр керамогранит плита ишлаб чиқарилади. У 1 триллион сўмлик маҳсулот тайёрлаш, 665 миллиард сўмлик қўшилган қиймат яратиш ва 35 млн.долларлик экспортни амалга ошириш имкониятига эга.


Бу корхона Марказий Осиёда ягона. Чунки унинг маҳсулотидаги мустаҳкамлик даражаси жуда юқори. Шунинг учун ҳам хорижий харидорлар аввалдан пулини тўлаб навбатда туришибди. Масалан, мана бу майдондаги плиталар Қозоғистонга жўнатилмоқда.


Биз мустаҳкамлиги жиҳатидан энг юқори кўрсаткичга эга керамогранит плиталар харидоргирлигини айтдик. Қувасойдаги “Crown Ceramic” очилгунга қадар аслида Ўзбекистон ҳам унинг импортёри эди.

–2025 йилда Ўзбекистонга 45 млн.долларлик керамогранит импорт бўлган. Биз унинг ўрнини тўлдириш учун Италия, Испания, Хитой маҳсулотлари сифати даражасида керамогранит ишлаб чиқаряпмиз, – дейди “Crown Ceramic” Ўзбекистон–Хитой қўшма корхонаси раҳбари Бобуржон Султоналиев. – Россия, Қозоғистон, Тожикистонга экспорт ҳам қиляпмиз. Келажакда Европа бозорига чиқмоқчимиз. Ҳозир Евросертификат олиш жараёни давом этяпти.
Маҳсулот сифатини сунъий интеллект назорат қилади. Ҳар бир донасининг ўлчамини ва сифатини сунъий интеллект лазер ёрдамида текширади.

– Маҳсулот таннархи арзон. Сабаби хомашё Қувасойнинг ўзидан олинади. Бу Исфайрамсой ирмоқларидаги оддий тошлардир. Яна Ангрен коалини қўшилади, – дейди Бобуржон Султоналиев.
– Ўзбекистондаги хорижий инвесторга яратилган шароит ва Қувасойдаги имкониятлар бизга куч-қувват беради. Биз Ўзбекистондаги бошқа турдош корхоналар мутахассислари малакасини оширишда ёрдам берамиз, – дейди хитойлик инвестор Сианг Чинг Жанг.
Ҳозирча 30 нафар хитойлик ишчи ва мутахассислар бор корхонада. Улар уста-шогирд усулида маҳаллий ёшларни ўргатишмоқда. Икки йилда корхонадаги ишчилар юз фоиз маҳаллий ёшлардан иборат бўлади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/K7sZxgIJhRA" title="Markaziy Osiyoda yagona" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА