Муносабат
Жаҳон сиёсатида ишонч синовдан ўтаётган, глобал иқтисодиёт янги мувозанатни қидираётган бир паллада айрим минтақалар келажакка умид билан қараш мумкинлигини амалда исботламоқда. “Марказий Осиё + Япония” биринчи саммити айнан шундай умид ва стратегик мулоқот майдонига айланди. Токиода бўлиб ўтган ушбу тарихий учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан билдирилган фикр ва ташаббуслар Марказий Осиёнинг очиқ, интеграциялашган ва барқарор ривожланишга қаратилган янги қиёфасини яққол намоён этди.
Президентимиз нутқида аввало, Япониянинг 20 йил аввал “Марказий Осиё плюс” мулоқотига асос солган ташаббуси стратегик жиҳатдан нақадар тўғри бўлгани алоҳида таъкидланди. Бугун айнан шу форматда илк саммитнинг ўтказилиши ўзаро ишонч ва изчил ҳамкорликнинг мантиқий натижаси сифатида баҳоланди. Бу саммит — тасодифий дипломатик тадбир эмас, балки икки минтақани узоқ муддатли шерикликка боғлайдиган янги босқичнинг бошланишидир.

Давлатимиз раҳбари Марказий Осиё ва Япония ўртасидаги алоқаларни фақат замонавий сиёсий муносабатлар доирасида эмас, балки Буюк Ипак йўли давридан бошланган тарихий ва маънавий яқинлик нуқтаи назаридан ёритди. Нара шаҳри мисолида келтирилган тарихий боғлиқлик, халқларимиз ўртасидаги ўхшаш қадриятлар бугунги ҳамкорлик учун мустаҳкам цивилизацион асос эканини кўрсатди.
Президентимиз нутқининг марказий ғояларидан бири — ҳамкорликни тизимли ва узоқ муддатли стратегия асосида ривожлантириш таклифи бўлди. Шу маънода “Марказий Осиё – Япония 2040” ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш ташаббуси алоҳида аҳамият касб этади.
Ушбу ҳужжат минтақа мамлакатларининг барқарор ривожланиши, глобал иқтисодий занжирларга чуқур интеграцияси, инновация, технология ва инсон капиталига сармоя киритишга қаратилган аниқ дастур ва лойиҳаларни қамраб олиши кўзда тутилмоқда. Бу қисқа муддатли манфаатлар эмас, балки келажак авлодлар манфаатларини кўзлаган стратегик ёндашувдир.
Иқтисодий ҳамкорлик масалаларида Президент томонидан илгари сурилган ташаббуслар ҳам мазмунан чуқур ва амалий характерга эга. Марказий Осиё инфратузилмаси ва саноатини ривожлантириш инвестиция жамғармасини таъсис этиш, “Сифатли инфратузилма” дастурини ишга тушириш таклифлари Япониянинг илғор технологиялари, муҳандислик стандартлари ва инвестиция салоҳиятини минтақа тараққиётига жалб этишга хизмат қилади. Бу ёндашув Марказий Осиёнинг фақат ресурс манбаи эмас, балки юқори қўшилган қиймат яратадиган ҳудудга айланишини кўзда тутади.
Рақамли иқтисодиёт ва инновациялар соҳасидаги ташаббуслар ҳам саммит кун тартибининг муҳим қисми бўлди. “Марказий Осиё – Япония” рақамли хабини ташкил этиш ғояси сунъий интеллект, робототехника, “буюмлар интернети” ва киберхавфсизлик каби соҳаларда кўптомонлама ҳамкорлик учун янги имкониятлар очади. Бу эса минтақада рақамли трансформацияни жадаллаштириш ва иқтисодий ўсишнинг янги драйверларини шакллантиришга хизмат қилади.
Экологик кун тартиби ҳам Президент нутқида алоҳида ўрин тутди. Ўзбекистон томонидан зарарли газлар чиқарилишини қисқартириш, “яшил” энергетика улушини ошириш бўйича қўйилган мақсадлар Япониянинг “Яшил трансформация” ташаббуси билан уйғун экани таъкидланди. Қайта тикланадиган энергетика, энергия самарадорлиги, экологик мониторинг ва Оролбўйи муаммоларини ҳал этиш бўйича қўшма дастурлар таклифи минтақавий барқарорликнинг экологик ўлчамини кучайтиришга қаратилган.
Маданий-гуманитар ҳамкорлик масалалари ҳам нутқда четда қолмади. Таълим вазирлари учрашуви, ректорлар форуми, ёшлар дастурлари ва фестиваллар ташаббуси халқлар ўртасидаги узоқ муддатли ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу маънода, Осакадаги “ЭКСПО” Бутунжаҳон кўргазмасида Ўзбекистон павильонининг Олтин мукофотга сазовор бўлгани мамлакатимизнинг замонавий, очиқ ва инновацион қиёфаси халқаро миқёсда эътироф этилганининг ёрқин далилидир.
Хулоса қилиб айтганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий Осиё + Япония” биринчи саммитидаги нутқи ташаббусларга бой, чуқур ўйланган ва келажакка қаратилган стратегик дастурдир. У Марказий Осиёнинг Япония билан ҳамкорликда тинчлик, барқарорлик ва тараққиёт макони сифатида шаклланаётганини яна бир бор намоён этди. Бу йўл ишонч, манфаатлар уйғунлиги ва узоқни кўзлаган сиёсий ирода йўлидир.
Ҳилола Юсупова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.