Марказий Осиё давлатлари сув ва энергетика соҳасида ҳамкорликни кучайтирмоқда
Бишкек шаҳрида Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон Республикалари энергетика ҳамда сув хўжалиги вазирларининг навбатдаги чораклик ишчи йиғилиши ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Қирғизистон Республикаси энергетика вазири Таалайбек Ибраев, Қозоғистон Республикаси энергетика вазири Ерлан Аккенженов ҳамда Сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов қатнашди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев ва Тожикистон Республикаси энергетика ҳамда сув ресурслари вазири Далер Жума видеоконференсалоқа орқали йиғилишда иштирок этди.

Музокаралар чоғида кейинги йилларда минтақа давлатлари раҳбарлари ташаббуси билан йўлга қўйилган кўп томонлама ҳамкорлик барча йўналишларда, айниқса сув-энергетика соҳасида изчил ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Томонлар ўзаро ишонч ва манфаатли ҳамкорлик асосида шаклланган муносабатлар бугунги кунда минтақа барқарорлиги учун муҳим омил бўлиб хизмат қилаётганини қайд этди.
Учрашувнинг асосий мавзуси 2026-2027 йиллар вегетация даврида минтақадаги сув-энергетика тизимларининг барқарор ва келишилган иш режимини таъминлаш масалаларига бағишланди. Хусусан, сув ресурсларини самарали тақсимлаш, электр энергияси ишлаб чиқариш ва узатиш жараёнларини мувофиқлаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги эҳтиёжларини ўз вақтида қондириш бўйича муҳим таклифлар муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, энергетика тизимларининг бир-бири билан чамбарчас боғлиқ эканига алоҳида урғу берилди.Томонлар сув ва энергия таъминотида барқарорликни сақлаш, аҳолини узлуксиз ресурслар билан таъминлаш ҳамда мавжуд инфратузилмаларнинг самарали ишлашини таъминлаш юзасидан биргаликдаги саъй-ҳаракатларни янада кучайтиришга келишиб олди.

Йиғилиш давомида куз-қиш мавсумининг якунлари ҳам сарҳисоб қилинди. Унда энергетика тизимларига тушган юкламалар таҳлил қилиниб, уларни мувозанатлаш, электр тармоқларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш ва келгуси мавсумларга пухта тайёргарлик кўриш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, учрашув якунида иштирокчи давлатлар келишилган иш режимларини изчил амалга ошириш, соҳалараро мувофиқлаштиришни мустаҳкамлаш ва минтақавий сув-энергетика ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш бўйича ўзаро келишувга эришди. Шунингдек, келгуси ишчи учрашувларни 2026 йил май ойида Тошкент шаҳрида, июнь ойида эса Бишкек шаҳрида ўтказиш белгиланди. Бу эса минтақа давлатларининг стратегик соҳалардаги ҳамкорлиги изчил давом этаётганини яна бир бор тасдиқлайди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА