Маънавиятни умр мазмунига айлантирган инсон
Инсоннинг ҳақиқий бойлиги — у қолдирган илмий мероси, тарбиялаган шогирдлари ва халқ маънавиятига қўшган ҳиссасидир. Ана шундай умрини илм-фан, таълим ва маърифат тараққиётига бағишлаган фидойи зиёлилардан бири — Гулистон давлат университети профессори, фалсафа фанлари номзоди, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Республика «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими Фахрийлар кенгаши раиси Равшанбек Маҳмудовдир.
Унинг қарийб ярим асрлик меҳнат фаолиятига назар ташласангиз, илм-фан, маънавият ва журналистика бир-бирини тўлдирган яхлит ҳаёт йўлини кўрасиз. Бу йўлда босилган ҳар бир қадам комил инсонни тарбиялаш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва жамият маънавиятини юксалтиришдек эзгу мақсадларга хизмат қилди.
1955 йил 28 июнда Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидаги Рапқон қишлоғида зиёли оиласида туғилган Равшанбек Маҳмудов 1977 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) филология факультетини муваффақиятли тамомлади. Илк меҳнат фаолиятини Муқимий номидаги Қўқон давлат педагогика институтида бошлаб, талабаларга «Нутқ ўстириш» фанидан сабоқ берди.
1983–1984 йилларда «Сирдарё ҳақиқати» газетасида мухбир бўлиб ишлаши унинг ижодий камолотида муҳим босқич бўлди. Бу давр унга ҳаёт воқелигини таҳлил қилиш, жамоатчилик фикрини шакллантириш ва қалам масъулиятини чуқур англаш мактаби вазифасини ўтади.
1984 йилдан бошлаб эса унинг бутун меҳнат фаолияти Сирдарё олий таълим тизими билан чамбарчас боғланди. Ғафур Ғулом номидаги Сирдарё давлат педагогика институтида ўқитувчи, катта ўқитувчи, кафедра мудири, профессор сифатида фаолият юритди. Кейинчалик Гулистон давлат университетида кафедра мудири, фалсафа кафедраси мудири, тарбиявий ишлар бўйича проректор, маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор, ёшлар билан ишлаш бўйича проректор, ректор маслаҳатчиси ва матбуот котиби каби масъул лавозимларда самарали меҳнат қилди.

22 йил давомида проректор, 16 йил кафедра мудири сифатида ишлаш ҳар қандай раҳбар учун юксак ишонч ва катта масъулият демакдир. Ана шу йиллар мобайнида университетда таълим сифатини ошириш, маънавий-маърифий муҳитни мустаҳкамлаш, ёшларни миллий қадриятларга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган кўплаб ташаббуслар амалга оширилди.
Рақамлар олимнинг юксак илмий салоҳиятини ҳам яққол намоён этади. Унинг муаллифлиги ва ҳаммуаллифлигида 74 дан ортиқ китоб, 8 та дарслик, 12 та ўқув қўлланма, 15 та монография, 19 та рисола, 10 та фан дастури ҳамда 20 дан ортиқ методик тавсияномалар нашр этилди. Шунингдек, республика ва халқаро илмий журналлар, тўпламлар ҳамда оммавий ахборот воситаларида 478 та илмий ва 800 дан зиёд илмий-оммабоп мақолалари эълон қилинган.
Бу рақамлар қуруқ статистика эмас. Улар ортида юзлаб кунлик илмий изланишлар, минглаб аудитория соатлари, юксак масъулият ва Ватан тараққиётига хизмат қилишга бағишланган фидокорона меҳнат мужассам.
Олимнинг ҳаммуаллифликда яратилган «Маънавият юлдузлари», «Буюк сиймолар ва алломалар», «Жаҳон фалсафаси», «Педагогика тарихидан лавҳалар», «Ўзбекистон фалсафаси тарихи», «Касбий маънавият» каби асарлари, шунингдек, «Нотиқлик санъати ва нутқ маданияти», «Одамлар — менинг кутубхонам», «Маънавият тарғиботчиси» китоблари бугун ҳам талабалар, тадқиқотчилар ва маънавият тарғиботчилари учун муҳим манбалардан бири ҳисобланади.

Қувонарлиси, устознинг таваллуд айёми арафасида унинг илмий мероси яна бир муҳим асар билан бойиди. Педагогика фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Қуронов, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент Шавкат Кенжаев ҳамда сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент Нуриддин Саидқулов тақризи остида «Маънавиятшунослик» ўқув қўлланмаси нашрдан чиқди.
Мазкур қўлланма бакалавриат талабалари учун мўлжалланган бўлиб, унда маънавиятшуносликнинг назарий асослари, миллий қадриятлар, маърифий тарбия, фуқаролик масъулияти ва касбий маънавият масалалари илмий ёндашув асосида ёритилган. Бу асар олимнинг кўп йиллик илмий изланишлари ва бой педагогик тажрибасининг мантиқий маҳсули бўлиб, унинг муборак таваллуд айёмига муносиб маънавий туҳфа бўлди.

— Инсонни юксалтирувчи куч — илм. Уни комилликка етакловчи мезон эса маънавиятдир. Агар бу икки тушунча уйғун бўлса, жамият ҳам, давлат ҳам тараққий этади. Шунинг учун биз ёшларга фақат билим эмас, юксак маънавият ҳам беришимиз керак, — дейди олим.
Унинг таъкидлашича, китоб ёзиш олим учун шунчаки ижодий машғулот эмас, балки юксак масъулиятдир.
— Ҳар бир китобим орқали ёшларни мустақил фикрлашга, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга ҳисса қўшишни мақсад қилганман. Китобнинг ҳақиқий қадри унинг қанча нусхада чоп этилганида эмас, балки нечта инсоннинг қалби ва тафаккурига йўл топганида намоён бўлади, — дейди устоз.

Бугун ҳам Равшанбек Маҳмудов фаол жамоат арбоби сифатида эл хизматида. У Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлимининг Фахрийлар кенгашига раҳбарлик қилиб, ёш журналистларни қўллаб-қувватлаш, миллий журналистика анъаналарини давом эттириш ҳамда ижодкорлар ўртасида устоз-шогирд мактабини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Шунингдек, Сирдарё вилояти Маънавият ва маърифат кенгаши ҳамда қатор жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда шаҳар ва туманларда ўтказилаётган юзлаб маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар ва давра суҳбатларида фаол иштирок этиб, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва фуқаролик масъулияти туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Унинг кўп йиллик самарали меҳнати давлатимиз томонидан муносиб эътироф этилди. У «Олий таълим фидойиси», «Маънавият фидойиси», «Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси» кўкрак нишонлари, Ўзбекистон мустақиллигининг юбилей нишонлари билан тақдирланган. 2022 йилда эса таълим, илм-фан ва маънавият ривожига қўшган салмоқли ҳиссаси учун «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланди.
Равшанбек Маҳмудовнинг ҳаёт йўли бир ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлайди: ҳақиқий устознинг бойлиги лавозим ёки мукофотларда эмас, балки тарбиялаган шогирдлари, яратган китоблари ва жамият маънавиятига қўшган беқиёс ҳиссасида намоён бўлади.
Зеро, маънавиятни умрининг мазмунига айлантирган инсоннинг номи вақт ўтиши билан унутилмайди. Унинг эзгу ишлари, бой илмий мероси ва ҳаёт фалсафаси келажак авлод учун ҳамиша ибрат мактаби бўлиб қолаверади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири