Маънавияти юксак файласуф эди
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Беруний номидаги Давлат мукофоти совриндори, фалсафа фанлари доктори, профессор Омонулла Файзуллаев таваллудига 100 йил тўлди
Файласуф бўлиш на фақат кенг қамровли билимни, балки катта ҳаётий тажриба, ривожланган мушоҳада қобилияти, зийрак кузатувчанлик, катта сабр-тоқат ва бағрикенгликни талаб қилади.
Омонулла Файзуллаев(1921-2008)шахсида бундай сифатлардан ташқари, генетик омил ҳам муҳим роль ўйнаган, чунки у кишининг аждодлари, бобокалонлари орасида ўз замонасининг забардаст сиймолари, улуғ мутафаккир-алломалар ўтган. У ёшлигидан замонасининг улуғ олимлари – академиклар Тошмуҳаммад Қори-Ниёзий (1897-1970), Иброҳим Мўминов (1908-1974), Тошмуҳаммад Саримсоқов (1915-1995), Сагди Сирожиддинов (1920-1988) каби катта устозлар қўлида сабоқ олган. Устоз уларнинг на фақат илмини, балки сермазмун ҳаётий тажрибасини ҳам ўзлаштирган.
Омонулла ака ўзининг илмий ва ҳаётий тажрибаси тараққиётига у ёки бу даражада таъсир қилган устозлари ва бошқа замондошларига алоҳида меҳр ва эътибор билан қарарди. Бу ҳақда устознинг энг сўнгги китоби “ХХ аср зиёлилари, устозларим ва сафдошларим” номли асарида батафсил маълумот берилган.
Омонулла Файзуллаевич фундаментал табиий-илмий, мантиқий-математик билимлардан ташқари юксак миллий қадриятларни ўз ичига олган маънавий-маърифий билимларга ҳам эга эди.
Агар устознинг умри мобайнида эълон қилган мақолаларига назар ташласак, унинг фалсафа ва фан тарихига оид салмоқли мавзуларни синчиклаб таҳлил қилганлигини билиб оламиз. 1963 йилда таниқли олим, академик И.М.Мўминов раҳбарлигида ҳимоя қилган номзодлик диссертацияси “Материянинг ўз-ўзидан ҳаракатидаги энг содда кўринишлари ҳақида” деб аталган.
“Ҳаракат бу ҳар қандай ўзгаришдир” деган классик таърифга биноан, О.Файзуллаев ҳар қандай ўзгариш муайян системада рўй беради, деб ҳисоблайди. Ҳаракатга система нуқтаи назардан ёндашиш турли системалардаги ўзгаришларнинг ўзига хос табиатини бир-биридан фарқлашга имконият яратади. Системанинг очиқлиги ёки ёпиқлиги ҳаракатнинг давомийлиги ёки чекланганлиги, абадийлиги ёки вақтинчалигини таъминлайди. Ҳаракат мобайнида энергия сарфланади. Демак, ёпиқ системада энергия миқдори чекланганлиги сабабли абадий ҳаракат бўлиши мумкин эмас. Ташқаридан энергия келиб турадиган системада, яъни очиқ системадагина ҳаракатнинг абадийлиги рўй бериши мумкин. Ҳар қандай ҳаракатда потенциал энергия кенетик энергияга айланади. Ҳаракат бу потенциал энергиянинг сарфланиши жараёни. Бундай энергия миқдори чексиз бўлсагина ҳаракатнинг абадийлигини таъминлаш мумкин. Ички энергиянинг ташқи энергияга айланиши хусусида тўхталадиган бўлсак, “материя чексиз энергия манбаидир”, деган нуқтаи назар билан келишиб бўлмайди, дейди олим. Чунки, ички энергия ташқи энергияга айланиши учун ҳам қўшимча энергия керак бўлади. Агар микродунёга мегадунё орқали энергия узатувчи ички туннеллар бўлсагина бу фикр, яъни “материя чексиз энергия манбаидир” деган фикрнинг ҳақиқатлигини ифодалаши мумкин.
Устознинг бу мулоҳазалари, ҳар қандай фикрга, гарчи у кўпчиликка маълум ҳақиқат бўлса ҳам, мулоҳаза юритиб, мантиқий хулоса асосида ишониш ёки ишонмасликни ўйлаб кўриш лозим, деган фикрни беради.
Омонулла Файзуллаев фалсафа фанида биринчи бор, асосан табиий фанларда қўлланиладиган илмий тушунча, “инерция” тушунчаси фалсафий категория эканлигини асослаш лозимлигига эътиборини қаратди ҳамда тафаккур инерциясини инерциянинг маънавий шакли сифатида таърифлаган.
Устоз фалсафадаги онтологик ва гносеологик қонуниятларни ўтмишда ўтган шарқ мутафаккирларининг фалсафий меросига таянган ҳолда ривожлантириш йўлидан борган. Шу сабабли 1973 йили ҳимоя қилган докторлик диссертацияси “Ўрта Осиё фанлари тарихида диалектик зиддиятлар муаммосига доир” деб аталган.
Унинг фикрича, биз бугун ўрганаётган замонавий фалсафий қарашларнинг илдизи қадимги даврларга, ўрта асрларда ижод қилган Хоразмий, Форобий, Мотуридий, Беруний, Ибн Сино сингари улуғ алломаларимизнинг фалсафий ғояларига бориб тақалади. Хоразмийнинг мерос тақсимлаш илми “фаройиз”га асос солиши, Форобийнинг мантиқий силлогистик хулоса қоидаларини ишлаб чиқиши, Берунийнинг имкониятдаги дунёлар ҳақидаги космологик концепцияси, Ибн Синонинг руҳий ва жисмоний оламлар бирлиги ҳақидаги мантиқий-силлогистик таҳлиллари бугунги замонавий фалсафий системаларнинг шаклланиши учун назарий озуқа бўлиб хизмат қилган. Тафаккур эркинлиги ғоясини ҳам илк бор Имом Мотуридий кўтариб чиққан эди. Устознинг бу йўналишдаги фалсафий мулоҳазалари эътиборга лойиқдир.
Омонулла Файзуллаев ватанпарвар олим сифатида миллий қадриятларимизга, юртимизда ўтган улуғ алломаларимиз ҳаётига алоҳида бир эътибор билан ёндашади. Устоз юртимизда Муҳаммад Хоразмий, Абу Райхон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Аҳмад Фарғоний Имом Бухорий, Амир Темур сингари сиймоларнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган халқаро анжуманларни ташкил этишда фаол иштирок этган, мазмундор мақолалари билан жаҳон илмий жамоатчилигининг эътиборини қозонган.
У Покистон ва Японияда “алгоритм” атамасининг Ал-Хоразмийнинг латинлаштирилган исмидан олинганлигини тилшунослик нуқтаи назаридан туриб исботлаб берди, Самарқандда Имом Бухорий юбилейига бағишлаб ўтказилган халқаро анжуманда сўзга чиқиб, Имом Бухорий ҳадисларининг тўлиқ рақамлаштирилган электрон вариантини ишлаб чиқиш лозимлиги тўғрисидаги ғояни илмий асослади, Мирзо Улуғбек юбилейига бағишлаб ўтказилган халқаро симпозиумда эса Улуғбек обсерваториясининг замонавий 1:1 ўлчамли макетини ишлаш ғоясини илгари сурди, Аҳмад Фарғонийга бағишланган анжуманда Фарғоний асарларининг тўлиқ тўпламини нашр этиш, Ибн Синонинг юбилейига бағишлаб ўтказилган халқаро конференцияда Ибн Синонинг фалсафий асарлари тўпламини замонавий кўринишда, ихчам шаклда нашр қилиш, Берунийнинг Ер шари глобуси макетини ишлаш, Амир Темурнинг жаҳон цивилизацияси тарихида тутган ўрнини кўрсатувчи кўргазмали музейини ташкил қилиш (у пайтда ҳали Тошкент шаҳридаги Темурийлар тарихи музейи бунёд қилинмаганди) каби оригинал ғояларни илгари сурган эди. Бугунги кунда, мустақил жонажон юртимизда устоз Омонулла Файзуллаев орзу қилган ғоялар бирин-кетин амалга ошмоқда. Маънавий меросимизни ўрганишга бағишланган халқаро конгресслар, симпозиумлар ташкил этилмоқда, мутафаккирларимиз асарлари замонавий шаклларда нашр этилмоқда, турли тилларга таржима қилинмоқда.
Профессор О.Файзуллаевнинг фалсафа тарихи, онтология, гносеология, логика (мантиқ), фан тарихи, манбашунослик ва гениологияга оид кўплаб илмий ва оммабоп асарлари бугунги кунгача ўзининг илмий-назарий ҳамда амалий қимматини йўқотмаган.
Академик С.Шермуҳамедов улар ҳақида шундай деб хотирлаган эди: «Омонулла Файзуллаев ўзбек фалсафасининг жуда истеъдодли, сермахсул вакили эди. Бу заҳматкаш олимнинг номи, мероси ҳали асрлардан-асрларга ўтиб, авлод-аждодлари номини шарафларга буркашда давом этишига ишончимиз комил...».
Профессор Омонулла Файзуллаев маънавий меросимиз, миллий қадриятларимизнинг ҳимояланишига ҳам катта эътибор билан қараган.
«Ўрта Осиё табиатшунослиги ва фалсафаси классиклари асарларида зиддиятлар муаммоси» номли монографиясидан юртимизда ўтган буюк мутафаккирларимиз асарларида диалектик зиддиятлар муаммосининг қўйилиши ва ўрганилиши ҳақида маълумотлар олиш мумкин. Бу асарда диалектик зиддиятлар ва уларнинг шакллари, диалектик зиддиятлар моҳияти Марказий Осиё мутафаккирлари ижодида қай тарзда акс этиши фалсафий таҳлил этилган. Устоз мутафаккирларимизнинг табиий-илмий қарашларини таҳлил этар экан, улар илгари сурган ғояларнинг замонавий илмий концепциялар тараққиётига таъсирини ҳам кўрсатиб берганди.
Устоз О.Файзуллаев: «Бугунги кун цивилизациясининг пойдеворида бизнинг юртимиздан чиққан улуғ бобокалонларимизнинг ҳиссаси буюкдир. Фақат улар камтарин ва ориятли олимлар бўлишган, ўзларини кўз-кўз қилишга уринишмаган. Шу сабабли баъзи китобларида ҳатто ўз исми-шарифларини ҳам айтишга истиҳола қилишган. Оқибатда кўплаб ноёб қўлёзмаларнинг муаллифлари ҳамон номаълумлигича қолмоқда. Энди мустақиллик туфайли ота-боболаримизнинг маънавий меросини қайтадан тиклашга имконият эшиклари очилмоқда, қани энди ҳозирги олимларимиз “Беруний леммаси”, “Ибн Сино теоремаси”, “Улуғбек аксиомаси” каби атамаларни дадил фан арсеналига киритишса. Ахир, ўтмишда юртимизда ўтган олимларнинг қанчадан-қанча илмий ғоялари ғарблик олимлар томонидан чуқур ўрганилиб, бу ғоялар уларнинг ўзларининг номларидан фан тарихига киритиб юборилган. Кўпгина математик теоремалар, тригонометрик функциялар, геометрик назариялар Хоразмий, Фарғоний, Форобий, Беруний, Ибн Сино ва бошқа ватандошларимиз томонидан яратилгандир», деб таъкидлар эди.
Уларнинг айтишича, «инсониятнинг гигиеник маданияти илк бор Марказий Осиёда шаклланган. Ота-боболаримиз совун билан қўл ювишни, ҳаммомни, дастурхонни, қўл ювиш учун мис човгумни (форсийча “обдаста”), қўл ювганда сув тўпланадиган идиш “даст жўй”ни, пичоқларнинг четида кир тўпланмаслиги учун қўйилган махсус пичоқ “гардиши”(“гулмихи”)ни ва ғилофини ҳамда кўплаб бошқа рўзғор буюмларини кашф қилишганки, улар оилада, рўзғорда покизаликни, тозаликни, саранжом-саришталикни, ҳалолликни сақлаш учун хизмат қилган».
Мен шу буюмларнинг тарихини билиш учун юртимизда нашр қилинган Миллий Энциклопедия ва Энциклопедик луғатларни варақлаб чиқдим ва биз бугунги кунда миллий қадриятларимиздан нақадар узоқлашиб кетганлигимизни англаб, хавотирга тушдим. Ишонасизми, бу луғатларга оддий “пичоқ” атамаси киритилмаган экан. Пичоқ ва унинг тарихи, тузилиши, ясалиши, қисмларининг аталиши ҳақида бирор мақола бўлганда яхши бўлар эди. Афсуски, бу атама ҳар иккала луғатга ҳам киритилмаган. Шу тарзда кетаверсак, эрта-индин чойнак ва пиёлани ҳам унутиб қўямиз. Ҳозирги фарзандларимиздан сўрасак, пичоқ, унинг тиғи, гардиши, дастаси, ғилофи, гулмихи ҳақида ҳеч нарсани билишмайди. Чунки биз ўзимиз улар ҳақида маълумотларга эга эмасмиз. Энциклопедияларга эса булар ҳақида ҳеч нарса ёзмаганмиз.
Омонулла Файзуллаев илм эгаллашда олим кўп тилларни билиши керак, деб ҳисобларди. Ўзлари русча, инглизча, арабча, немисча, туркча, татарча матнлардан бемалол фойдалана оларди. Баъзан эса хитойча ва японча иероглифларни ҳам бир-бири билан солиштириб кўраётганлигининг гувоҳи бўлганман. “Илм, – дер эди устоз, – миллат ва тилни танламайди. Ота-боболаримиз туркий тилдан ташқари арабча ва форсча, айримлар эса хитойча ва қурияча (корейсча демоқчи), немисча ва французча, инглизча ва юнонча, яҳудий ва сурёнча матнлардан ҳам илм ахтариб, таржима қилиб юртимизнинг илмий салоҳиятини кучайтиришган. Биз эса ўз тилимиздан ҳам бегоналашиб бормоқдамиз. Яхши-яхши асарларни ўзбекча ҳам яратинг. Агар мақолада яхши ғоялар бўлса, бутун дунё уни таржима қилиб олишади. Мақоланинг қайси тилда ёзилганлигидан кўра, унинг мазмунида қандай жозибадор ғоялар борлиги муҳимроқдир”. Бу фикрлар устознинг миллий қадриятларга нақадар меҳри баландлигини кўрсатиб турибди.
Устоз доимо тўғри сўзли бўлиш тарафдори бўлиб, одамларни алдаш, ёлғончилик ва кишиларни ҳийла-найранг билан лақиллатиш каби жирканч иллатларни ёқтирмасди. Шу сабабли, илмий ишларни кўриб чиққач, уларга баҳо беришда доимо илмий холислик нуқтаи назаридан ёндашиб, тадқиқотчиларга камчиликларни тўғридан-тўғри баён қилиб, уларни тузатиш йўлларини ҳам кўрсатиб берарди.
Марказий Осиёда яшаб ўтган буюк алломаларимиз – бир пайтлар жуда қудратли бўлган Буюк Турон юртининг фарзандларидир. Шундай экан, уларнинг тарихини Марказий Осиёда яшовчи халқлар ўзаро уюшиб, биргаликда тадқиқ этишимиз, бобокалонларимиз яратган дурдона ғояларни бутун дунёга тарқатишимиз, бу ғояларни бутун инсониятнинг маънавий мулкига айлантиришимиз лозим, дер эди устоз. Ҳақиқатдан ҳам, халқимиз қалбида, генларида (ирсиятида) донишмандлик сифати яшаб келмоқда.
Бу донишмандлик сифати халқимизнинг қадимий туркий тафаккур тарзидан вояга етган. Бу тафаккур бир неча ўн минг йиллар мобайнида сайқалланиб, такомиллашиб, ривожланиб, замонлар, даврлар синови, мустамлакачилик тўсиқларини енгиб ўтиб, турли хил чеклашлар, камситилишлар, чиғириқларидан ғолиб келган тафаккурдир. Бу тафаккурнинг моҳияти ва ўзига хос жиҳатлари фалсафий ҳамда психологик жиҳатдан ўрганилиши, бу жиҳатлар амалиётга тадбиқ этилиши лозим.
Бахтиёр Тўраев,
фалсафа фанлари доктори, профессор