Мактабда замонавий спорт зали барпо этилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бугун тадбиркор нафақат янги иш ўринлари яратиб, иқтисодий тараққиётга ҳисса қўшмоқда, балки ўз ташаббуси ва эзгу амаллари билан жамият ҳаётидаги муҳим масалаларга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.
Наманган вилояти Чортоқ туманидаги 51-умумтаълим мактабида маҳаллий тадбиркор ташаббуси билан барпо этилган замонавий спорт зали ана шундай ташаббусларнинг амалий ифодаси бўлди.
[gallery-31248]
1987 йилда қурилган, 300 нафар ўқувчи таҳсил оладиган мазкур мактабда шу кунга қадар спорт зали мавжуд эмас эди. Тадбиркор ўз маблағи ҳисобидан 12х24 метр ўлчамдаги спорт залини барпо этди. Лойиҳанинг умумий қиймати 2 миллиард 700 миллион сўмни ташкил этди.
Янги иншоотда жисмоний тарбия машғулотлари, спорт тўгараклари ва мусобақалар ўтказиш учун зарур шароитлар яратилди.
Иншоотнинг очилиш маросимида туман ҳокимлиги, ИИБ вакиллари, мактаб жамоаси, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда ёшлар иштирок этди. Рамзий лента қирқилиб, спорт залининг калити мактаб жамоасига тантанали равишда топширилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА