Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлашга қаратилган манзилли профилактик ишлар амалга оширилмоқда
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ижтимоий профилактика самарадорлигини ошириш устувор вазифа этиб белгиланди.
Шу асосда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни ишончли таъминлаш бўйича манзилли профилактик чора-тадбирлар тизимини самарали жорий этиш орқали жиноятчиликни кескин камайтиришга ҳаракат қилинмоқда.

Маҳаллаларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш бўйича самарали тизимни йўлга қўйишга қаратилган манзилли ишларни ташкил этиш мақсадида 2026 йилда ҳудудлар масъул раҳбарлар ва муассасаларга бириктирилди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Баҳодир Мирзараҳимов Тошкент шаҳри Миробод туманидаги Тонг юлдузи маҳалласида жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда Миробод тумани идоралараро тезкор штаби иш фаолиятини ўрганди.
Ўрганишлар давомида маҳалладаги криминоген вазият, профилактика ишларининг самарадорлиги ҳамда аҳоли билан олиб борилаётган манзилли ишлар атрофлича таҳлил қилинди. Шунингдек, профилактика инспекторлари фаолияти, маҳалла фаоллари ва мутасадди идоралар билан ҳамкорлик ҳолатига алоҳида эътибор қаратилди.
Ташриф давомида маҳалла фаоллари, ёшлар ва фуқаролар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Суҳбатлар чоғида аҳолини қийнаётган ижтимоий масалалар, ёшлар бандлиги, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва хавфсиз муҳитни таъминлаш бўйича фикр-мулоҳазалар тингланди.
Шу билан бирга, масъул ходимларга профилактика ишларини янада кучайтириш, ҳар бир хонадон кесимида манзилли иш олиб бориш, ёшлар билан ишлашни тизимли ташкил этиш ҳамда маҳалла ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Бундай ўрганишлар ҳудудларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда аҳоли муаммоларини жойида ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА