Маҳаллалар жиноятчиликдан буткул холи бўлади
Қарор ва ижро
Шу кунларда Республика Ишчи гуруҳи томонидан Тошкент вилояти бўйлаб Президентимизнинг 2026 йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ҳамда “2026 йилда республика маҳаллаларида жиноятчиликнинг барвақт профилактикаси самарадорлигини янада ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш борасидаги ўрганишлар давом этмоқда.

Хусусан, масъуллар Ангрен шаҳар прокуратурасида ташкил этилган шаҳар штаб фаолияти билан танишиб, қарорларда белгиланган вазифалар ижроси таҳлил қилинди. Ушбу жараёнда ишчи гуруҳи аъзолари, “маҳалла еттилиги” ва “ижтимоий профилактика” йўналишига масъул мутасаддиларга тасдиқланган “Йўл харита”лар доирасида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.

Жумладан, ёшлар, хотин-қизлар, муқаддам судланган шахслар ҳамда ишсиз фуқаролар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида уларнинг бандлигини таъминлаш, ижтимоий муаммоларини бартараф этиш, шунингдек, ҳар бир шахс билан якка тартибда профилактик тадбирлар ўтказишни тизимли ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Шу билан бирга, маҳаллаларда ёшлар, аёллар ва ишсизлар томонидан, шунингдек, оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этиладиган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олишда “маҳалла еттилиги”нинг ҳар бир аъзоси зиммасига юклатилган вазифаларни аниқ белгилаб олиш, уларнинг масъулиятини янада кучайтириш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Айниқса, криминоген вазияти мураккаб деб баҳоланган маҳаллаларда ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган хотин-қизлар рўйхатини шакллантириш, улар билан доимий мулоқот олиб бориш, муаммоларини жойида ҳал этиш ҳамда манзилли ёрдам кўрсатиш айтилди.

Бундан ташқари, ишчи гуруҳи томонидан Тошкент туманидаги Чувалачи маҳалласига борилиб, маҳалла “еттилиги” вакиллари билан манзилли мулоқотлар ўтказилди. Шунингдек, Чирчиқ шаҳар, Оққўрғон ва Юқори Чирчиқ тумани прокуратураларида ташкил этилган штаб фаолияти билан танишилиб, қарорларда белгиланган вазифалар ижроси таҳлил қилиниб, ушбу жараёнда ишчи гуруҳи аъзолари, “маҳалла еттилиги” ва “ижтимоий профилактика” йўналишига масъул мутасаддиларга тасдиқланган “Йўл харита”лар доирасида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Ўрганиш натижалари юзасидан Янгийўл туманидаги 70-сонли оилавий поликлиникасида Республика прокуратураси ва соғлиқни сақлаш тизими масъуллари иштирокида тақдимот ўтказилди. Тадбир давомида жойлардаги мавжуд муаммолар атрофлича таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди. Хусусан, тиббиёт муассасаларида кадрлар етишмовчилиги, шифохона ўринлари камлиги каби долзарб масалаларга эътибор қаратилди.
Шунингдек, ҳудудларда хусусий тиббиёт клиникалари сонини ошириш, аҳолига хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Самарасиз фаолият юритаётган айрим объектларни эса муайян касалликлар бўйича ихтисослаштириш таклифи билдирилди. Тадбир доирасида аҳоли учун тиббий кўриклар ҳам ташкил этилди.
Жойларда бу каби саъй-ҳаракатлар давом этмоқда.
А.Мусаев, ЎзА