Маҳаллалар обод бўлмоқда
Мамлакатимизда амалга оширилаётган “Зарбдор қирқ кунлик” доирасида маҳаллаларни ободонлаштириш ва аҳоли учун муносиб яшаш шароитини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу жараёнда Марғилон шаҳрининг илгари оғир тоифада бўлган Зуҳро маҳалласида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, ҳудуднинг қиёфаси янгиланмоқда.
Зуҳро маҳалласига Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш, “Обод маҳалла” мезонларини жорий этиш ишлари давом эттирилмоқда. Жумладан, 45 та кўп қаватли уйларда ўзбошимчалик билан қурилган 52 та қурилманинг барчасида тўлиқ демонтаж ишлари амалга оширилди. Мавжуд 45 та кўп қаватли уйларнинг 32 тасида фасад қисмини таъмирлаш ишлари якунланди. “Яшил ҳудудлар” ташкил этиш учун 1 та суғориш қудуғи қазилди ва 6,5 км суғориш тармоғидан 6 км қисмида тармоқ қуриш якунланди. Ҳудудда мавжуд 1,6 км ариқ бетонлаштирилди. 3 та болалар ва спорт майдончаси қурилди ҳамда “workout”ларни ўрнатиш ишлари якунига етказилди. Маҳалла ҳудудидаги “Меҳнат” ўйингоҳини реконструкция қилиш, йўлакка асфальт ётқизиш, 5 ва 23-сонли мактабларнинг ташқи қисмини таъмирлаш, Зуҳро кўчаси ва кўп қаватли уйлар олдига асфальт ётқизиш ишлари давом этмоқда.

– Давлат раҳбаримизга раҳмат, Нуронийлар маскани қурилди. Унда маҳалламиз кексалари мириқиб дам олмоқда. BOOK CAFE, кутубхона барпо этилди. Кутубхонамиз ёшлар билан ҳамиша гавжум, – дейди МФЙ раиси Барнохон Солиева.

Зарбдор қирқ кунлик доирасидаги ишларни бошлашдан аввал маҳалла еттилиги режа тузди.
– Аввал барча ҳудудларни кўздан кечирдик, сўнг аниқланган камчиликларни бартараф этиш дастурини туздик, – деди Барнохон Солиева. – 45 та кўп қаватли уйлар йўлаги, йўллар атрофига гул ва кўчатлар экдик.
Маҳаллада 6766 нафар аҳоли яшайди. Шаҳар ҳокими Элбек Рустамов бу ерга тез-тез келиб туради, аҳоли билан маслаҳатлашиб иш тутади.

– Ободлик кўнгилдан бошланади. Шунинг учун аҳоли билан мулоқотнинг турли шаклларини ташкил этдик, – деди МФЙ раиси. – Маҳалламизда шукроналик тадбирлари ўтказиш одатга айланди. Бугун Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан навбатдаги шукроналик кечасини ташкил қилганмиз.
Зуҳро Марғилондаги 50 та маҳалланинг бири. Бу каби ишлар уларнинг барчасида давом этяпти.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/WriTl0-K2lU" title="Mahallalarda obod bo`lmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов, ЎзА