Маҳаллада бунёдкорлик ишлари авжида
ФОТОРЕПОРТАЖ
Юртимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган «Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги» доирасида Андижон шаҳрида кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Шаҳарнинг Садоқат маҳалласида ҳудуд қиёфасини янада обод этиш, аҳоли учун қулай ва фаровон турмуш шароитини яратишга қаратилган ишлар алоҳида эътиборга молик. Аҳоли, айниқса, ёшлар фаол иштироки билан ички кўчалар тартибга келтирилиб, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани яхшилаш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.
[gallery-30865]
Бугунги кунда маҳаллада қарийб 9 минг 500 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 1 минг 800 нафардан ортиғини ёшлар ташкил этади. Ҳудудда амалга оширилаётган ҳар бир бунёдкорлик ташаббусида аҳоли манфаати, инсон қадри ва турмуш фаровонлигини таъминлаш устувор аҳамият касб этмоқда.
«Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги» доирасида маҳалладаги 8 та хонадонда таъмирлаш ишлари бажарилди. Бу жараёнда маҳалла аҳлининг бирдамлиги ва ўзаро меҳр-оқибати яна бир бор намоён бўлди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг уй-жойларини ҳашар йўли билан таъмирлаш эзгу анъанага айланган.
— Маҳалламизда ободлик ишларини фақат қурилиш ёки таъмирлаш билан чекламаймиз, - дейди маҳалла раиси Ойбек Мадибеков. — Асосий мақсадимиз аҳоли учун муносиб шароит яратиш, одамларнинг кайфиятини кўтариш ва маҳаллада ўзаро меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлашдир. Ҳашарда иштирок этаётган ҳар бир инсоннинг ташаббуси ва қўшнисига кўрсатаётган ёрдами муҳим аҳамиятга эга. Бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилсак, ҳар қандай эзгу мақсадга эришиш мумкин.
Маҳаллада инфратузилмани яхшилаш ишлари ҳам изчил давом этмоқда. Хусусан, 6 минг 270 метр ички кўча асфальтланмоқда. Шунингдек, қуёш панеллари билан жиҳозланган 90 та тунги чироқ ўрнатилмоқда.
Аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 500 метр сув тармоғи тортилди. Айни пайтда 300 метр лоток ўрнатиш ишлари давом этмоқда. Электр таъминотини яхшилаш учун яна бир трансформатор ўрнатилмоқда.
Амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари маҳалла аҳлини ягона мақсад атрофида бирлаштириб, ҳудуднинг обод қиёфасини шакллантириш, аҳоли учун янада қулай ва хавфсиз муҳит яратишга хизмат қилмоқда.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ(сурат),ЎзА