Маҳалла – ислоҳотлар кўзгуси
Урганч шаҳрида “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” доирасида маънавий-маърифий учрашув ташкил этилди.
Мазкур тадбир мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни аҳолига етказиш, айниқса, маҳаллаларда фаолият юритаётган нуронийларнинг бу борадаги хабардорлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Учрашув Ўзбекистон Республикаси “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси томонидан ташкил этилди. Унда уюшма Бошқаруви раиси ўринбосари Асомиддин Мардиев, шунингдек, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси масъуллари, маҳалла раислари, фаол нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар маҳалланинг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди. Таъкидланганидек, юртимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини таъминлашда маҳалла институти муҳим ўрин тутади. Айниқса, маҳалла раислари, кўчабошилар ва фаол нуронийларнинг ташаббускорлиги ва фидойилиги бу борада ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, учрашув давомида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, уларнинг инсон қадрини улуғлашга хизмат қилаётган жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди. Иштирокчилар томонидан бу каби тадбирлар аҳоли, айниқса ёшлар онгида юксак фуқаролик масъулиятини шакллантиришда муҳим омил бўлаётгани қайд этилди.
– 2026 йил мамлакатимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилинди. Шу муносабат билан Хоразмда ҳам жорий йилда маҳалла институтини янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг турмуш даражасини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга олиб борилмоқда, – дейди “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси томонидан ташкил этилган тадбирда уюшмаси Бошқаруви раиси ўринбосари Асомиддин Мардиев. – Хусусан, “Янги Ўзбекистон қиёфаси”га кирадиган маҳаллаларнинг инфраструктурасини яхшилаш учун республика бюджетидан 5 миллиард сўмдан маблағ ажратилгани маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Учрашув якунида қатнашчилар фикр-мулоҳазаларини билдириб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Маҳалла жамиятнинг таянчи, нуронийлар эса унинг бебаҳо хазинасидир. Бу каби мулоқотлар ислоҳотларнинг халқ ичига янада чуқурроқ кириб боришига хизмат қилади.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири