Маҳалла аҳлига байрам туҳфаси
Мамалакатимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида Андижон шаҳридаги “Тўққизариқ” маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Андижон шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари, нуронийлар, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида маҳалла фуқаролар йиғини янги биносининг очилишига бағишланган тадбирда мамлакатимизда маҳалла тизимига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, маҳалла фуқаролар йиғинлари учун мослаштирилган янги бинолар барпо этилиб, самарали фаолият олиб бориши учун зарур шарт-шароитлар яратилаётганлиги алоҳида таъкидланди.


– Маҳалламиз шаҳардаги энг катта маҳаллалардан бири, – дейди “Тўққизарик” МФЙ раиси Ҳотамжон Аҳмедов. – Ҳозирда маҳалладаги 12 та кўча, 1 минг 100 га яқин хонадонда 6 минг 300 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Аввал маҳалла фуқаролар йиғинининг алоҳида биноси бўлмаган, кўп жойларга кўчиб ишлаган, қийинчиликлар бўлган. Ҳокимликнинг эътибори ва кўмаги билан янги бино барпо этилганидан фуқароларимиз беҳад мамнун. Янги бино маҳалла аҳли учун мустақиллик байрамига муносиб совға бўлди.
Маҳалла фуқаролар йиғини идораси маҳалланинг ўз маблағлари ҳамда тадбиркорлар Латифжон ва Орифжон Раҳматуллаев ҳамкорлигида давлат шерикчилиги асосида барпо этилди. Қурилиш-жиҳозлаш ишлари учун қарийб 1,5 миллиард сўм маблағ сарфланди.



Маҳалла кўркига кўрк бўлган икки қаватли маҳалла идораси биносида, шунингдек, тиббиёт пункти, устахона, савдо дўкони ҳам фаолият кўрсатади, янги иш ўринлари яратилади. Энг муҳими, мазкур объектнинг ишга тушиши билан маҳалла аҳолисига қатор қулайликлар яратилади.
Янги бино “маҳалла еттилиги” фаолиятини самарали ташкил этиш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ҳамда жараёнларни электрон тизим асосида йўлга қўйиш учун зарур барча жиҳозлар, замонавий ахборот-коммуникация воситалари билан таъминланди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири