Маҳалла аҳли нимадан норози?
Бу йилги қишнинг ҳар йилгидан бироз совуқ келиши аҳолини ташвишга солди. Коммунал хизмат билан боғлиқ муаммолар ҳам жойларда ҳар қачонгидан кўп учрамоқда. Айниқса, электр, газ таъминотидаги камчиликлар, олис ҳудудлардаги йўлларнинг носозлиги одамларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолатлар айрим жойларда бу йилги куз-қиш мавсумига мутасадди идоралар томонидан етарли даражада тайёргарлик кўрилмаганидан далолат беради.
Бу масала яқинда давлат раҳбари томонидан ўтказилган видеоселекторда ҳам танқид қилиниб, жойлардаги реал ҳолатни ўрганиш ва аҳолига зарур ёрдамларни кўрсатиш бўйича топшириқ берилганди.
Шундан келиб чиқиб, бугунги кунда Самарқанд вилоятидаги маҳаллаларда ҳам аҳолининг турмуш тарзи, уларга кўрсатилаётган коммунал, тиббий ва бошқа хизматлар ўрганилмоқда. Одамларнинг дарду ташвишлари эшитилиб, муаммоларига ечим топилмоқда.
Бу жараёнда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарлари, мутасадди иддоралар масъуллари ҳам иштирок этмоқда.

Жумладан, республика ишчи гуруҳи Булунғур туманининг Хўжамазгил маҳалласида аҳоли билан учрашиб, уларнинг муаммолари ва таклифларини эшитди.
Хусусан, 750 нафар аҳоли яшовчи Фармонтепа қишлоғи аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, мактабгача таълим муассасаси, тиббиёт пункти ва дорихона ташкил этиш, 41-умумий ўрта таълим мактабини таъмирлаш ва спорт зали қуриш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Қишлоқ ички йўлларини йўлларни таъмирлаш, эскирган ва яроқсиз электр сим ёғочларни алмаштириш, аҳолига кўмир маҳсулотлари етказиб бериш ва суюлтирилган газ баллонларини алмаштиришга шу куннинг ўзида киришилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан маҳалладаги беш қишлоқ аҳолиси чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик давомида касаллик аниқланган беморлар туман, вилоят шифохоналарига йўлланма олди.

Маҳалланинг тоғли ҳуддаги жойлашгани ва қишлоқлар ўртасида масофа олислиги ҳисобга олиниб, мазкур ҳудудга хизмат кўрсатиш учун “УАЗ” тез ёрдам автомашинаси ажратилди. Фармонтепа қишлоғидаги ички йўлларнинг қарийб 10 километр қисмига тош тўкилиб текисланди.

Тумандаги 2500 дан ортиқ аҳоли яшовчи Авлиё Парпи маҳалласида 561 нафар 18-30 ёшли йигит-қизлар борлиги, улардан 56 нафарининг муоммолари борлиги аниқланди. Шунингдек, маҳалладаги 700 метр ички йўлларни таъмирлаш, газ баллонларни ўз вақтида алмаштириш, 67-умумий ўрта таълим мактабида спорт зал қуриш зарурлиги маълум бўлди. Ушбу масалалар юзасидан ҳам зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Р.Маматов Пахтачи, Нарпай, Пастдарғом, Қўшработ туманларидаги ўрганишларда иштирок этиб, аҳоли ва маҳаллалар мутасаддилари билан суҳбатлашди, уларнинг талаб ва таклифларини эшитди.
Жумладан, Пастдарғом тумани Чимбойобод маҳалласи аҳолиси билан учрашувда электр энергияси таъминотидаги муаммолар, аҳолини суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаш, 7300 метр ички йўлларга шағал тош ётқизиш, хотин-қизлар ва ёшларни ишга жойлаштириш масаласи кўтарилди. Қайд этилган муаммоларни бартараф этиш учун туман мутасаддилари билан биргаликда зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА