Маданият ва санъат миллатнинг руҳидир
Маданият ходимлари куни муносабати билан Чирчиқ шаҳридаги “Кимёгарлар” маданият саройида соҳа ходимлари учун тантанали байрам тадбири ташкил этилди.
Унда Тошкент вилояти ҳокимлиги мутасаддилари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳудуддаги маданият ва санъат соҳаси фидойилари, таниқли санъаткорлар, ижодкор зиёлилар, ёш истеъдодлар ҳамда соҳа фахрийлари иштирок этди. Тадбир аввалида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев сўзга чиқиб, маданият ва санъат соҳаси вакилларини самимий қутлади ва уларнинг жамият ҳаётида ниҳоятда муҳим ўрин эгаллашини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, юртимизда миллий маданиятни ривожлантириш, моддий ва номоддий маданий меросни асраб-авайлаш, халқ оғзаки ижоди ҳамда ҳаваскорлик санъатини қўллаб-қувватлаш борасида қилинаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Тантанали қисмда узоқ йиллар давомида самарали меҳнат қилаётган, миллий маданиятимизни ривожлантириш, унинг нуфузини ошириш, бой меросимизни асраб-авайлаш ва тарғиб этишга катта ҳисса қўшган бир гуруҳ соҳа ходимлари муносиб тақдирланди.


Бундан ташқари Касаба уюшмалари Тошкент вилоят кенгаши томонидан 50 нафар санъат фидокорларига Хоразм вилоятига саёҳат йўлланмалари топширилди. Байрам дастури бадиий чиқишларга уланиб кетди. Санъат усталари, фольклор жамоалари ҳамда ёш ижрочилар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар, саҳна кўринишлари ва рақслар тадбир иштирокчиларига кўтаринки кайфият бағишлади.


– Байрам муносабати билан вилоят ҳокими эътирофига сазовор бўлдим, – дейди Чирчиқ шаҳар 3-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби директори Аҳрор Улуғбеков. – Аслида бу меҳнат жамоамизнинг ишига берилган баҳодир. Мазкур соҳада охирги йилларда ҳамкасбларимиз билан бирга самарали ишларни амалга оширяпмиз. Айниқса, шу йўналишда таҳсил олаётган ўқувчиларимиз эришаётган натижалардан қувонамиз. Улар ишончимизни, меҳнатимизни оқлаяпти. Кўплаб чирчиқлик истеъдод эгалари мамлакатимизда ўтказилаётган танловларда қатнашиб юқори ўринларга сазовор кўрилмоқда. Ишонаманки, келгусида ҳам бу саъй-ҳаракатларимиз ўз самарасини беради.



Миллий ва замонавий санъат уйғунлигида ташкил этилган концерт дастури йиғилганларда унутилмас таассурот қолдирди.
А.Мусаев, ЎзА