Лавров: Россия Эронни қўллаб-қувватлашда давом этади (+видео)
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Эрон сиёсатини “адолатли иш” деб атади. Бу ҳақда “Euronews” хабар берган.
– Эроннинг ҳам, Россиянинг ҳам иши адолатли эканига ишонаман, – деган у Теҳронда ҳамкасби Аббос Арағчий иштирокида ўтган қўшма матбуот анжуманида.
Лавров Вашингтон ва Исроилни Эронга қарши, ўзининг таъбири билан айтганда, ҳеч қандай сабабсиз ҳарбий амалиёт бошлашда айблади. Шу билан бирга Москва Теҳронни қўллаб-қувватлашда давом этишини таъкидлади.
Мазкур баёнот АҚШ Президенти Москвага нисбатан иқтисодий босим юмшатилиши сабабини эълон қилгандан кейин янгради. Трамп айтишича, Россияга қарши янги санкция Украина билан урушни тугатишга қаратилган музокара жараёнига халақит бериши мумкин. Шунингдек, у айни ҳаракат билан РФ Эронни қўллаб-қувватлашни кучайтирмаслигига эришмоқчилигини билдирди. Яъни, Москвага қарши янги иқтисодий чора қўллаб, Россияни музокарадан узоқлаштирмоқчи эмаслигини айтди. Масалага бундай ёндашув Трампнинг Россияга қарши санкцияни нисбатан юмшатиш ҳақидаги яқинда қабул қилинган қарори танқид қилинаётган бир пайт намоён бўлди.
– Ҳозир Россия – Украина урушини тинч йўл билан ҳал қилишга интиляпмиз. РФни музокара даврасидаги ўрнидан аҳмоқона ҳаракат билан узоқлаштириб қўймоқчи эмасмиз, – дея қўшимча қилган Америка раҳбари.
Лавров эса Россия Эроннинг АҚШ ва Исроил билан можаросини дипломатия ёрдамида ҳал қилиш учун ҳисса қўшишга ҳамон тайёрлиги, инқирозни АҚШ ва Исроил томонидан бошланган ҳарбий ҳаракат келтириб чиқарганини таъкидлади. Шунингдек, Теҳрон дипломатик саъй-ҳаракатни давом эттиришга тайёрлигини олқишлаб, томонларни Форс кўрфази ва Ҳурмуз бўғозидаги можаро бошланишидан олдинги шароитни қайтаришга чақирди.
Лавров айтишича, Москва БМТда АҚШ ва Исроил томонидан Эронга берилган зарбаларни оқлашга уринишларнинг олдини олишга ҳаракат қилган. Шу билан бирга Россия дори-дармон етказиб бериш ва мунтазам равишда озиқ-овқат жўнатиш орқали ҳудудга гуманитар ёрдам кўрсатган.
Лавров Москва дипломатик қўллаб-қувватлашдан ташқари, Теҳрон билан иқтисодий ҳамкорликни ҳам давом эттириш ниятини аниқ билдирди.
– Мураккаб вазиятга қарамай, Россия Эрон билан иқтисодиёт, инвестиция соҳаларида эришилган келишувларни тўхтатмоқчи эмас, – дея таъкидлади Лавров.
Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА