Курсантлар армрестлинг бўйича беллашди
Пойтахтимизда спортнинг армрестлинг тури бўйича Тошкент шаҳар чемпионати бўлиб ўтди.
Унда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси курсантлари ҳам фаол иштирок этиб, ўзларининг жисмоний тайёргарлиги, матонати ва спорт маҳоратини намоён қилди.

Якуний натижаларга кўра, академия курсантлари катталар ўртасида юқори ўринларни эгаллади.
Хусусан, академия курсантлари Исломжон Ибодов 75 кг. вазн тоифасида ўнг ва чап қўлларда, Оламгир Омонов 110 кг. вазн тоифасида ўнг қўлда 1-ўринни қўлга киритди.
Мусобақа якуний натижаларига кўра, совринли ўринларни эгаллаган курсантлар диплом, медаллар ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шунингдек, ғолиблар жорий йилнинг 16–21 май кунлари Самарқанд вилоятида ўтказилиши режалаштирилган Ўзбекистон чемпионатида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди.
Мазкур натижалар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида ёшларнинг жисмоний тайёргарлигини ошириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ҳамда спортга бўлган қизиқишни янада кучайтириш борасида олиб борилаётган тизимли ишларнинг амалий ифодасидир.
Гулноза Бобоева, ЎзА