Крипто-активлар билан боғлиқ ноқонуний фаолиятга чек қўйилди
“Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари давомида Кармана туманида крипто-активлар айланмаси билан боғлиқ қонунбузарлик ҳолати фош этилди.
Аниқланишича, 2005 йилда Кармана туманида туғилган шахс “Binance” крипто-биржаси орқали крипто-активларни қонунга хилоф равишда сотиб олиш, ўтказиш ва айирбошлаш фаолияти билан шуғулланиб келган.
Навоий вилояти ИИБ Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида ушбу шахс 2024 йилдан буён қарийб 50 минг АҚШ доллари миқдоридаги крипто-активлар айланмасини амалга оширгани аниқланди.
Тезкор тадбирлар жараёнида гумонланувчининг мобил алоқа воситаси далилий ашё сифатида расмийлаштириб олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 278⁸-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА