Космос ва рақамли тараққиётда стратегик ҳамкорлик
Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида космик технологиялар ҳамда рақамли ривожланиш соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Ушбу йўналишларда сунъий интеллект, рақамли инфратузилма ва қўшма инвестиция лойиҳалари устувор аҳамият касб этмоқда.
Учрашув доирасида рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ҳамда АҚШ Экспорт-импорт банки вакили Жон Ан икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашди. Музокараларда космик технологиялар, сунъий интеллект ва ахборот технологиялари инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, Ўзбекистоннинг миллий космик дастури, илк сунъий йўлдошни учириш режалари, Ерни масофадан зондлаш тизимларини ривожлантириш ҳамда замонавий ва барқарор рақамли инфратузилма яратиш каби устувор вазифалар тилга олинди.

Шунингдек, қўшма лойиҳаларда АҚШ технологиялари ва хизматларидан фойдаланиш, молиялаштириш механизмларини мувофиқлаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Ўзбекистон томони мамлакатни минтақавий IT марказга айлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, жумладан, ихтисослашган марказлар ташкил этиш, рақамли хизматлар экспорт ҳажмини ошириш ва халқаро технологик компаниялар учун қулай муҳит яратиш чоралари ҳақида маълумот берди.

Музокаралар давомида мамлакатдаги кучли инсон капитали, IT соҳасининг жадал ривожланаётгани ва стартап экотизимини қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар ҳам алоҳида қайд этилди.

Учрашув якунида томонлар космик технологиялар, сунъий интеллект ва рақамли инфратузилма соҳаларида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, аниқ инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича қўшма ишларни давом эттиришга келишиб олди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА