Коррупцияга қарши курашиш бўйича қандай лойиҳалар амалга оширилди?
Коррупцияга қарши курашишда фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш: амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва эришилаётган натижалар ҳақида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Сапаров маълумот берди:
– 2025 йил давомида Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди ҳамда халқаро ҳамкор ташкилотлар томонидан ННТларнинг Коррупцияга қарши курашиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун 3.4 миллиард сўмлик грантлар ажратилди.
Грантлар бўйича 45 лойиҳа амалга оширилиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 50 фоизга ошди. Шундан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда ва Европа Иттифоқи молиявий кўмагида 853 миллион сўмлик грант маблағлари ажратилди.
Жамоат фонди томонидан эса 14 ҳудуд бўйича 2 миллиард 168 миллион сўмлик ҳамда Жамоат фондининг ҳудудий бўлинмалари томонидан 8 ҳудудда 390 миллион сўмлик грант танловлари, 2 миллиард 558 миллион сўмлик ижтимоий буюртма эълон қилинди.
Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Сирдарё вилоятларида ННТларга энг кўп маблағ ажратилган бўлса, энг кам кўрсаткич Қашқадарё, Тошкент, Наманган ва Фарғона вилоятларига тўғри келди.
Грант лойиҳалари аҳоли ўртасида коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, ёшларнинг хабардорлигини ошириш, фуқаролик жамияти институтларининг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, мультимедиа маҳсулотларини яратиш, таълим муассасалари, маҳаллаларда тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш каби жараёнларни қамраб олган.
Мазкур лойиҳалар орқали жамоатчилик назорати механизмлари амалиётга жорий этилмоқда. Имконияти чекланган фуқаролар учун платформалар, ижтимоий сўровлар, тарғибот тадбирлари, ўқув қўлланмалар, янги ташаббус ва воситалар юзасидан таклифлар шакллантирилмоқда.
Масалан, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Бухоро вилояти Қоракўл тумани бўлими томонидан 100 дан ортиқ жамият аъзоси офлайн, 1000 дан ортиқ жамият аъзоси онлайн тарзда ҳуқуқий саводхонлигини оширди. 20 дан ортиқ коррупцияга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжат кўзи ожиз одамларнинг махсус эҳтиёжлари бўйича ўрганилиб, Республика кўзи ожизлар жамиятининг 15 мингга яқин аъзоларига аудиокитоб кўринишда ёзилиб, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилди. 100 нусха тўплам Брайл алифбосида чоп этилди ва Қоракўл тумани ва Бухоро вилояти кўзи ожизлар жамиятларига тақдим этилди.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикасида БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси талабларининг бажарилишини мониторинг қилиш жараёнига нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларини жалб қилиш ҳамда улар томонидан муқобил баҳолаш механизмларини жорий этиш амалиёти илк бор йўлга қўйилди.
Мазкур йўналишда фуқаролик жамияти институтлари томонидан Конвенция қоидаларининг ижросини мустақил мониторинг қилиш ва баҳолаш ишлари фаол олиб борилмоқда ва бир қатор ННТлар ўз ташаббусига кўра Конвенциянинг алоҳида моддалари бўйича таҳлилий мониторингларни амалга оширди.
Тайёрланган таҳлилий материалларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилган натижалар ҳамда мавжуд тизим самарадорлиги объектив баҳоланди. Шунингдек, соҳани янада такомиллаштиришга қаратилган хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Коррупцияга қарши курашиш муаммолари бўйича минтақавий тадқиқот маркази томонидан ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллар натижасида “Коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик иштироки тўғрисида маълумот” тайёрланиб, Коррупцияга қарши курашиш агентлигига тақдим этилди.
Мазкур таҳлилий материаллар Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий маърузасининг “Коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик иштироки”га бағишланган қисмини шакллантиришда муҳим манба сифатида фойдаланилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА