Коррупцияга қарши курашда илғор тажрибалар ўрганилмоқда
Латвия пойтахти Рига шаҳрида Ўзбекистон фуқаролик жамияти ташкилотлари вакиллари иштирокида ёзги мактаб ўз ишини бошлади.
Республикамиздаги нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходимларидан иборат делегация аъзолари давлат секторини ислоҳ қилиш ва коррупцияга қарши курашда фуқаролик жамияти иштирокини кенгайтириш бўйича халқаро тажрибасини оширмоқда.

Дастур доирасида иштирокчилар давлат ресурсларини бошқаришдаги коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ҳамда давлат харидларини самарали мониторинг қилиш бўйича Латвиянинг илғор тажрибасини ўрганмоқда. Шунингдек, иштирокчилар бир қатор давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларида бўлишади.

– Дастурнинг асосий мақсади фуқаролик жамияти институтларини коррупциянинг олдини олиш ва давлат бошқарувида шаффофликни таъминлаш жараёнларига кенг жалб этиш бўйича илғор тажрибаларни жорий этишдан иборат, – дейди Навоий вилояти коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгаши аъзоси, “Ноила” ижтимоий кўмак, ҳуқуқий тарғибот ва мониторинг маркази таъсисчиси Мансур Ҳамидов. – “Transparency International Latvia” ушбу фаолиятни “Ўзбекистонда бошқарувни такомиллаштириш – коррупциянинг инклюзив олдини олиш” лойиҳаси доирасида амалга оширмоқда. Лойиҳа Латвия Республикаси Марказий молия-шартнома агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда олиб борилмоқда. Молиялаштириш эса Европа Иттифоқи ҳамда Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш федерал вазирлиги (БМЗ) томонидан биргаликда амалга оширилади.

Дастур доирасидаги жараёнлар 25 апрель куни якунланади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири