Кўплаб мамлакат вакилларидан иборат делегация Жиззах вилоятида
Тошкент шаҳрида ўтказилган “Марказий Осиё: унумдорликдан фаровонлик сари” I халқаро форуми доирасида минтақалараро иқтисодий ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилди. Мазкур нуфузли анжуман саноат кооперациясини кенгайтириш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш ва қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Форум доирасида Германия, Туркия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Сингапур, Бирлашган Араб Амирликлари, шунингдек, қўшни давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакилларидан иборат делегация Жиззах вилоятига ташриф буюриб, ҳудуднинг саноат ва инвестиция салоҳияти билан яқиндан танишди.
Делегация аъзолари дастлаб Зомин туманида барпо этилган “Zomin Texnoparki” махсус саноат зонасига ташриф буюришди. Таъкидланганидек, мазкур ҳудуд давлат раҳбари ташаббуси билан 400 гектар майдонда ташкил этилган бўлиб, бу ерда умумий қиймати 1,2 миллиард долларга тенг 31 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.
Лойиҳалар икки босқичда ҳаётга татбиқ этилмоқда. Биринчи босқичда 152 гектар майдонда 12 та замонавий саноат корхонаси қурилиши жадал олиб борилмоқда. Барча инфратузилма — электр, газ, сув таъминоти, темир йўл ва автомобиль йўллари давлат томонидан барпо этилгани инвесторлар учун қулай шароит яратаётгани қайд этилди.
Шунингдек, инвесторлар учун солиқ имтиёзлари тизими жорий қилингани алоҳида эътиборга молик. Жумладан, 3 миллион доллардан ортиқ инвестиция киритган тадбиркорлар 3 йилгача, 5 миллион доллар сармоя киритганлар 5 йилгача, 7 миллион доллар ва ундан зиёд маблағ йўналтирган инвесторлар эса 10 йилгача солиқлардан озод этилади.
Айни пайтда технопарк ҳудудида 3 та корхона ишга туширилган. Улар қурилиш материаллари, маиший техника ва алюминий профиллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, 240 нафардан ортиқ аҳоли доимий иш билан таъминланган. Йил якунига қадар яна 10 та завод ишга туширилиши режалаштирилган. Барча лойиҳалар тўлиқ амалга оширилганда эса 25 мингта янги иш ўрни яратилади.
— Мазкур ҳудудда йирик инвестиция лойиҳалари изчил амалга оширилаётганига гувоҳ бўлдик, — дейди Тожикистон Республикаси саноат ва янги технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Исоқжон Қурбонзода. — Айниқса, ёшларни ишлаб чиқариш жараёни билан уйғун ҳолда касбга ўқитиш тизими эътиборимизни тортди. Бундай ёндашув амалий тажриба беришда жуда самарали ҳисобланади. Марказий Осиёда бундай кўламдаги, 25 мингта иш ўрни яратишни кўзда тутган лойиҳани ҳали учратмаганман.
Шундан сўнг меҳмонлар Зоминда жойлашган йирик маиший техника ишлаб чиқарувчи “Artel Electronics” корхонаси фаолияти билан яқиндан танишишди. Корхона кир ювиш машиналари, музлатгичлар ва телевизорлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, ўнлаб ишлаб чиқариш линиялари фаолият юритмоқда. Бу ерда юзлаб ёшлар доимий иш билан таъминлангани саноатнинг ижтимоий аҳамиятини янада оширмоқда.
Куннинг иккинчи ярмида делегация Жиззах шаҳридаги “Iruskon” қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш фабрикасига ташриф буюрди. Ушбу корхона “Dyea” бренди остида 200 турдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқаради ва уларни 20 дан зиёд давлатга экспорт қилади.
10 гектар майдонда жойлашган фабрика йилига 12 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, ҳозирда 350 нафар, асосан хотин-қизлар иш билан таъминланган. Яқин истиқболда ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва қўшимча янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган.
— Ўзбекистон ҳақида аввал оммавий ахборот воситалари орқали маълумот олган эдим, — дейди Германия вакили Геста Маген. — Бу ерга келиб, мамлакатнинг саноат салоҳияти, иқтисодий ўсиш суръатлари ва инсонларнинг меҳмондўстлигини кўриб, катта таассурот олдим. Ишончим комилки, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланади.
Ташрифнинг сўнгги манзили Жиззахдаги “ADM Jizzakh” автомобил заводи бўлди. Мазкур корхонада енгил автомобиллар замонавий технологиялар асосида йиғилмоқда. Лойиҳа доирасида хорижий ҳамкорлар, жумладан, Хитойнинг етакчи автомобиль ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Корхона қисқа вақт ичида 58 мингдан ортиқ автомобиль ишлаб чиқариб, 19,3 триллион сўмлик маҳсулот тайёрлади. Айни пайтда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар ички бозор билан бир қаторда экспортга ҳам йўналтирилмоқда.
[gallery-28384]
— Кейинги йилларда Жиззах вилоятида автомобил саноати жадал ривожланганига гувоҳ бўлдик, — дейди Қирғиз Республикаси иқтисодиёт ва тижорат вазири ўринбосари Искендер Асилқулов. — Бу ердаги саноат салоҳиятини мен “Жиззах мўъжизаси” деб атаган бўлардим.
Умуман, хорижий делегациянинг Жиззах вилоятига ташрифи ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлиги, саноат қудрати ва экспорт имкониятларини яна бир бор намоён этди. Бу эса вилоятнинг нафақат мамлакат, балки бутун минтақада иқтисодий ўсиш драйверларидан бирига айланаётганини яққол тасдиқлайди.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари