Кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланиш тартибини бузманг
Шу кунларда Тошкент вилоят ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси томонидан жойлардаги кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши юзасидан навбатдаги назорат тадбирлари ўтказилмоқда.
Хусусан, Зангиота туманидаги ўрганишлар давомида айрим фуқаролар томонидан амалдаги шаҳарсозлик норма ва қоидаларига зид равишда, уйларнинг туташ ҳудудлари ҳамда умумий фойдаланиш жойларида ўзбошимчалик билан ёрдамчи бинолар, қўшимча хоналар ва турли тўсиқлар борлиги аниқланди. Мазкур ҳолатлар юзасидан қонунбузарларга нисбатан инспекция мутахассислари томонидан тегишли далолатномалар расмийлаштирилди.

Аҳоли ўртасида амалдаги талаблар бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди. Шаҳарсозлик интизомини бузган шахсларга берилган огоҳлантириш ва кўрсатмалардан сўнг, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган бир неча ноқонуний иншоотлар жойида бартараф этилмоқда.

Инспекция томонидан Тошкент вилояти бўйича 2026 йилнинг январь-март ойларида 849 та кўп квартирали уйларнинг техник ҳолати ўрганилган. Шундан 333 та ҳолатда ноқонуний қурилма ва ўзгартиришлар борлиги аниқланди. Жумладан, айрим жойларда таянч конструкцияларнинг бузилиши, туташ ер участкаларда ўзбошимча қурилма қуриш, умумий фойдаланишда бўлган жойлар тўсиб олинганлиги каби ҳолатларга чора кўрилди.

Шу билан бирга, масъуллар томонидан баъзи жойларда ноқонуний қурилмалар ва ўзгартиришлар юзасидан қонунбузарларга маъмурий чоралар қўлланилган. 65 та ноқонуний қурилмаларни мажбурий тартибда бартараф этиш учун судларга даъво аризалари киритилган.

Ҳудудларда назорат тадбирлари давом этмоқда.
А. Мусаев, ЎзА