Кўмир сифати ва бошқа муаммолар депутатлар эътиборида
Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг навбатдаги йиғилишида Кенгаш қарори ижроси, жумладан аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига етказилаётган кўмир маҳсулотининг паст сифати ҳамда аҳолини қийнаб келаётган бошқа муаммолар муҳокама қилинди.
Кенгаш котибиятида ўтган йиғилишда доимий комиссия аъзолари, депутатлар, Экспертлар гуруҳи ва Ёшлар парламенти вакиллари иштирок этишди. Тадбир танқидий руҳда ўтиб, жойлардаги ҳақиқий аҳволни акс эттирувчи масалалар бирма-бир кўриб чиқилди.

Кун тартиби юзасидан вилоятдаги кўмир омбори раҳбари М.Хуррамовнинг ҳисоботи тингланди.
Депутатлар томонидан аҳолига ва ижтимоий соҳа объектларига тарқатилаётган кўмир сифати талаб даражасида эмаслиги, бу эса қиш мавсуми арафасида жиддий тўсиқ ва қийинчиликларга сабаб бўлаётгани кескин танқид қилинди.

Кенгаш қарори ижросида мавжуд муаммолар ва яна бошқа камчиликлар ҳам борлиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилиш якунида мутасаддилар расман огоҳлантирилди. Шунингдек, масалани жойига чиқиб ўрганиш ва аниқ камчиликларни белгилаш ҳамда бартараф этиш учун махсус ишчи гуруҳ тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири