Китоб — келажакнинг маънавий пойдевори
Мамлакатимизда ёш авлодни мутолаага кенг жалб этиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ва маънавий дунёқарашини бойитиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда.
Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 30 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжатда ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва маънавий камолотини таъминлаш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Ёшлар ойлиги доирасида Шароф Рашидов номидаги Жиззах вилояти ахборот-кутубхона марказида ўтказилган “Адиблар ва ёшлар” мавзусидаги мотивацион учрашув ана шу эзгу мақсадларнинг амалий ифодаси бўлди.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамда Шароф Рашидов номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбир маънавият ва маърифат майдонидаги яна бир муҳим мулоқотга айланди.
[gallery-29815]
Учрашувга таниқли адиблар ва ижодкорлар, “Ёш китобхон” кўрик-танловининг республика босқичи ғолиби Жасурбек Абдуғаффоров, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Висола Турсунова, Жиззах гарнизонидаги ҳарбий қисм ҳамда Миллий гвардия бошқармаси ҳарбий хизматчилари, Мудофаа ишлари бўлими ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликларга тайёрлаш маркази курсантлари, талабалар ва фаол ёшлар йиғилди.
Тадбирда китобнинг инсон ҳаётидаги ўрни, бадиий адабиётнинг шахс камолотига таъсири, ижодкорликнинг жамият тараққиётидаги аҳамияти ҳақида қизғин фикр алмашилди. Айниқса, ҳаёт синовларидан ўтган ижод аҳлининг самимий мулоҳазалари, муваффақият сари олиб борган машаққатли изланишлари ҳақидаги ҳикоялари ёшларда катта қизиқиш уйғотди.
Адиблар билим ва мутолаа инсонни юксалтирувчи энг қудратли куч эканини таъкидлаб, ёшларни доимо ўқишга, изланишга ва эзгу мақсадлар сари интилишга чақирдилар. Бу чақириқлар залда ўтирган ёшлар қалбида янги орзу ва янги мақсадларга қанот бағишлагани шубҳасиз.
Тадбирнинг энг таъсирли жиҳатларидан бири очиқ мулоқот муҳити бўлди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан адибларга мурожаат қилди, ижод сирлари, китоб мутолааси маданияти ва замонавий ёшларнинг адабиётга муносабати ҳақида эркин фикр юритди. Ана шундай мулоқотлар мустақил фикрлайдиган, кенг дунёқарашли авлодни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, учрашувда истеъдодли ёш қаламкашларни қўллаб-қувватлаш, уларни янги асарлар билан таништириш ва адабиётга қизиқишини янада кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ватанни мадҳ этувчи қўшиқлар, шеърий чиқишлар ва адабий композициялар тадбирга ўзига хос руҳ бағишлади.
Қувонарлиси, мазкур маънавий-маърифий тадбирларда жами 150 нафар ёш қамраб олинди. Бу рақам ортида эса китобга меҳр қўйган, билимга чанқоқ, эртанги кун тақдири учун масъулиятни ҳис этадиган юзлаб ёш қалблар мужассам.
“Адиблар ва ёшлар” учрашуви нафақат бир кунлик тадбир, балки маънавиятга чорловчи, китоб ва инсон ўртасидаги мустаҳкам кўприкни янада кучайтирган муҳим маърифий мулоқот сифатида ёдда қолди. Зеро, китоб мутолааси юксак бўлган жамиятнинг келажаги ҳам нурли бўлади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари