Келажакка қадам: билим ва тадбиркорлик уйғунлашганда
Ўзбекистонда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларнинг марказида инсон манфаати ва навқирон авлод тақдири мужассам. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Биз учун ёшлар — бу нафақат келажагимиз, балки бугунимиз, тараққиётимизнинг асосий кучи ва пойдеворидир”.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда ёшларнинг сифатли таълим олиши, муносиб иш билан таъминланиши ва ўз иқтидорини тўлиқ намоён этиши учун яратилаётган кенг имкониятлар нафақат ижтимоий қўллаб-қувватлаш, балки мамлакат иқтисодий қудратини юксалтиришнинг стратегик омилига айланди. Айниқса, олий таълим муассасалари битирувчиларини меҳнат бозори талабларига мос кадрлар сифатида тайёрлаш ва уларни тадбиркорликка йўналтириш борасида янги тизим яратилдики, Бухоро давлат университетида ўтказилган “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ана шундай изчил ислоҳотларнинг амалий ифодаси сифатида битирувчи ёшларнинг мустақил ҳаётга ишонч билан қадам ташлаши учун ўзига хос мулоқот майдонига айланди.
Вилоятдаги давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари ректорлари, олимлар ҳамда битирувчи талабалар жам бўлган ушбу анжуманда Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 14 февралдаги “Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги 61-сонли қарорининг мазмун-моҳияти атрофлича таҳлил қилинди.
[gallery-28639]
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Ўктам Саломов таъкидлаганидек, мазкур ҳужжат битирувчиларни касбий фаолиятга йўналтириш ва уларнинг меҳнат бозорига тезкор мослашувини таъминлашда инқилобий қадам бўлди. Президентимизки, “Таълим — жамият тараққиётининг асоси, илм-фан эса унинг ҳаракатлантирувчи кучидир”, дея уқтирган экан, демак, тижорат банклари ва хусусий секторнинг олий таълим билан узвий боғланиши талабаларнинг амалиёт жараёнидаёқ ўз иш ўрнига эга бўлишини кафолатлайди.
Учрашувнинг энг амалий қисми сифатида “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан ишлаб чиқилган “Келажакка қадам” дастури иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Дастур доирасида ёшларнинг бизнес ғояларини шунчаки қоғозда қолдирмай, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш ва амалий ҳаётга татбиқ этиш механизми кўрсатиб берилди. Тадбирнинг ҳаяжонли лаҳзалари иқтидорли ёшларнинг стартап ва инновацион лойиҳалари тақдимотига уланиб кетди. Хусусан, Бухоро давлат университети битирувчиси “Назир Шоҳжаҳон” МЧЖ раҳбари Акобирхўжа Худойбердиевнинг полипропилен қоп ишлаб чиқаришни кенгайтириш ташаббуси “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан 1,8 миллиард сўм миқдорида молиялаштирилгани барчага намуна бўлди. Бу рақамлар шунчаки статистика эмас, балки битта ёш тадбиркор тимсолида яна ўнлаб янги иш ўринлари демакдир.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур учрашув талаба-ёшларнинг муаммоларини тинглаш ва уларга реал ечимлар таклиф этишда давлат билан ёшлар ўртасидаги “олтин кўприк” вазифасини ўтади. Президентимиз таъкидлаганидек: “Бир нарсани унутманг: Сизлар — Янги Ўзбекистон бунёдкорларисиз. Сизларнинг билим ва шижоатингиз бугунги ислоҳотларимизнинг муваффақиятини белгилайди”. Бу каби тадбирлар битирувчи ёшларнинг келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлаб, уларни фаол ва рақобатбардош кадрлар сифатида шакллантиришга хизмат қилади. Энг муҳими, бугунги ёшлар ўз ғояларини амалга ошириш учун давлат томонидан реал молиявий кўмак мавжудлигини амалда ҳис этмоқда, бу эса иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланиши йўлидаги энг тўғри ва ортга қайтмас йўлдир.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбири