Камбағал оилаларни қўллаб-қувватлаш дастури ижроси таҳлил қилинди
Ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг устувор мақсадларидан бири ҳисобланади.
Партия мамлакатда кучли ижтимоий давлат тамойилларини қарор топтириш ва ижтимоий адолатни таъминлашга интилади. Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП депутатлик гуруҳи йиғилишида айнан ушбу мавзуга қаратилган масала муҳокама қилинди.
Йиғилишда партия депутатлари ва фаоллари томонидан ҳудудлардаги мавжуд вазият ўрганилиб, жойларда кузатилган намунали ҳолатлар билан бир қаторда кўзга ташланган муаммоли вазиятлар ҳам масъул идора вакиллари иштирокида муҳокама қилинди.
– Камбағал оилалар реестридаги оилалар “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратилиб, улар билан манзилли ишлаш бўйича аниқ механизмлар белгилаб қўйилган, – дейди партия вилоят Кенгаши раиси Бахтиёр Ташев. – Партия ташкилоти ходимлари, маҳаллий кенгашлар депутатлари томонидан камбағал оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими доирасида вилоятда 31 мингдан ортиқ оила ўрганилиб, 12 мингдан ортиғи реестрга киритилган ҳамда улар учун 11 мингдан ортиқ индивидуал ижтимоий ҳимоя дастури ишлаб чиқилган. Натижада 1 минг 100 нафардан ортиқ фуқаро доимий иш билан таъминланган, 3 минг 300 дан ортиғи тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган бўлса, яна 1 минг нафардан ортиқ фуқароларга кредит ва субсидиялар олишда кўмаклашилган.

Ўрганишлар давомида айрим камбағал оилаларнинг барқарор даромад манбаларини яратиш бўйича ишлар етарлича даражада йўлга қўйилмагани, меҳнатга лаёқатли фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш ва доимий иш билан таъминлаш кўламини кенгайтириш зарурлиги, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун ажратилаётган имтиёзли кредит ва субсидиялардан самарали фойдаланиш бўйича тарғибот ишлари суст даражада эканлиги аниқланди.
Йиғилишда мавжуд муаммолар ечими бўйича таклифлар ҳам ўртага ташланди. Жумладан, камбағал оилаларнинг ҳар бири бўйича индивидуал “йўл харитаси” ижроси устидан мониторингни кучайтириш, бандлик, тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитиш дастурларига эҳтиёжманд фуқароларни кенгроқ жалб этиш, ижтимоий ходимлар фаолиятида эҳтиёжманд оилаларни манзилли аниқлаш, ҳужжатларни тўлиқ ва ўз вақтида расмийлаштириш, мурожаатларни кўриб чиқиш тизимини кучайтириш каби таклифлар билдирилди.

Йиғилиш якунида партия фаоллари аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган дастур ҳамда ташаббуслар ижроси устидан доимий жамоатчилик назоратини кучайтириш, аниқланган муаммоларни ҳал этишда масъул идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликка иш олиб бориш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири