ЖССТ: Хавфсиз бўлмаган озиқ-овқат йилига 1,5 миллион кишининг умрига…
ЖССТ янги ҳисоботида огоҳлантирмоқда: дунё бўйлаб ҳар йили миллионлаб инсонларнинг ҳаёти ва саломатлигига хавфли озиқ-овқатлар жиддий таҳдид солмоқда. Глобал миқёсдаги бу муаммо чуқур таҳлилни талаб этади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) янги ҳисоботига кўра, сифатсиз ва хавфли маҳсулот истеъмол қилиниши оқибатида дунёда ҳар йили 866 миллионга яқин касалланиш ва 1,5 миллион атрофида ўлим ҳолати қайд этилмоқда.
Бу хасталикларнинг катта қисми бактерия, вирус ҳамда кимёвий заҳарли моддалар билан ифлосланган егуликлар туфайли келиб чиқади. Айниқса, 5 ёшгача бўлган болалар энг катта хавф остида бўлиб, озиқ-овқатдан заҳарланиш ҳолатларининг деярли учдан бири улар ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, озиқ-овқат таркибидаги ноорганик мишяк ва қўрғошин каби оғир металлар йилига 1 миллиондан ортиқ одам ҳаётига нуқта қўймоқда.
2021 йилдаги ўлим ҳолатларининг 73 фоизи айнан шундай кимёвий ифлосланиш оқибатида юз берган. Бу муаммо инсон соғлиғига салбий таъсир кўрсатиш билан бирга, глобал иқтисодиётга ҳам йилига юз миллиардлаб доллар зарар етказяпти. Шу сабабли ЖССТ барча ҳукуматларни қишлоқ хўжалиги тизими ва санитария назоратини кучайтириш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга чақирди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА