Жиззахда хавфсизлик вазифалари таҳлил қилинди
Жиззах вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 5 январда қабул қилинган қарорлари ижросини таъминлаш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда белгиланган вазифаларнинг ижро ҳолати танқидий таҳлил қилиниб, масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва маҳаллий ҳокимликлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев раҳбарлигидаги республика ишчи гуруҳи Жиззах вилоятида ўрганиш ишларини олиб бормоқда.
Ўрганишлар Президентимизнинг 2026 йил 5-январда қабул қилинган “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит ва манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда шу кунда қабул қилинган ПИҚ–2-сонли қарорлари ижроси доирасида ташкил этилган. Мазкур ҳужжатлар маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашишнинг самарали механизмларини жорий этиш ва аҳоли билан манзилли ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган.

Шунга мувофиқ, республика ишчи гуруҳи иштирокида қарорлар ижросини мувофиқлаштириш учун ташкил этилган вилоят штаби аъзолари билан йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда ҳар бир йўналиш бўйича амалга оширилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда манзилли ижтимоий профилактика тадбирларини тизимли ташкил этиш масалалари таҳлил қилинди.

Муҳокамалар давомида белгиланган вазифалар ижросини жадаллаштириш, соҳалар кесимидаги муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш ва идоралараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Таъкидланганидек, маҳалладаги тинчлик — жамият барқарорлигининг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади. Шу боис қабул қилинаётган қарорлар ва уларнинг амалдаги ижроси аҳолининг хавфсиз ҳаётини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда ҳар бир ҳудудда соғлом ижтимоий муҳитни шакллантиришга хизмат қилади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири