Жавоҳир Синдоров бугун Фабиано Каруанага қарши дона суради
Бугун, 1 апрель куни Кипрда давом этаётган Номзодлар турнирининг 4-тури доирасида мусобақанинг энг юқори нуқтасидаги ўйинлардан бири бўлиб ўтади.
Турнирда 2,5 очко билан пешқадамлик қилаётган ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров ва АҚШ вакили Фабиано Каруана 4-турда рўбарў келади.

Кеча ўтказилган 3-тур ўйинларидаги ғалабадан кейин етакчиларнинг мазкур турда тўқнаш келиши кўпчилик қатори мамлакатимиз шахмат ишқибозларининг эътибор марказида бўлиши шубҳасиз.
Жавоҳир Синдоровнинг шахматдаги фаолияти, эришган натижалари кўпчиликка маълум. 2022 йили 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ғолиби, 2025 йилги жаҳон кубоги соҳиби Синдоровнинг Номзодлар турнири 4-турида дунёнинг етакчи шахматчиларидан бири Фабиано Каруанага қарши дона суриши нафақат турнир, балки Жавоҳир учун энг эътиборли ва мураккаб ўйин бўлиши тайин.

Бундай дейишимизга сабаб, профессионал фаолияти мобайнида тўрт марта Италия, беш марта АҚШ чемпионлигини қўлга киритган, 2016 йилги Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ғолиби, 2018-2024 йиллар оралиғидаги Номзодлар турнирининг деярли барчасида иштирок этган, ҳозирда ФИДЕ рейтингида 2810 балл билан кучли учликда бораётган Фабиано Каруана тўсиғини енгиб ўтиш жуда мураккаб масала эканини тасаввур қилиш қийин эмас.
Айтиш лозим, Жавоҳир 34 ёшли Каруана билан ўтган йиллар давомида бир қатор турли даражадаги турнирларда куч синашган.
Масалан, ўтган йили февраль ойида “Freestyle Chess Grand Slam” мусобақасининг ярим финалида ҳар икки шахматчи иштирокидаги ўйин армагеддонгача етиб борган эди. Ўшанда илк партияларда ютуққа эришган ҳамюртимиз сўнгги партияда океан орти вакилига финал сари йўл берганди.
Бугун ўтадиган баҳсда умид қиламизки, оқ доналарда ҳаракатланадиган Жавоҳир ғалабага бўлган кучли иродасини намойиш этади.
Шунингдек, 4-турнинг қолган жуфтликларида Андрей Есипенко – Аниш Гири, Вэй И – Ҳикару Накамура, Матиас Блюбаум – Праггнанандха баҳс олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, 14 та турдан иборат Номзодлар турнири мусобақалари 16 апрелга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА