Жанубий Кореяда Тиббиёт талабалари квотаси оширилиши шифокорлар норозилигини кучайтириши мумкин (+видео)
Хориж хабарлари дастурида бугун дунёнинг турли нуқталаридаги муҳим воқеалар жамланди — Бразилияда сайёҳлар кемаси фожиали тарзда чўкиб қурбонлар қайд этилди, АҚШда Жеффри Эпштейн иши билан боғлиқ шов-шувли ҳужжатлар очиқланди, Украинада собиқ вазир коррупция гумони билан ҳибсга олинди, Исроил ва Ғазо атрофидаги ҳарбий кескинлик яна қурбонларга сабаб бўлди, Хитой Россия нефтига талабни кескин оширди, Кенияда аэропорт иш ташлаши парвозларни издан чиқарди, Жанубий Кореяда эса тиббиёт квоталари бўйича қарор шифокорлар норозилигини кучайтириши кутилмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/mIhdotWIpa8" title="Koreyada Tibbiyot talabalari kvotasi oshirilishi shifokorlar noroziligini kuchaytirishi mumkin" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Бразилияда сайёҳлар кемаси чўкиб, икки киши ҳалок бўлди
Бразилиянинг Amazonка ҳавзасида, Манаус яқинидаги машҳур Сувлар учрашуви ҳудудида сайёҳлар кемаси сафар бошланганидан бир неча дақиқа ўтиб чўкиб кетди. Ҳодиса оқибатида икки киши ҳалок бўлди, етти нафар йўловчи бедарак йўқолди, 70 дан ортиқ одам қутқарилди, кема капитани эса эҳтиётсизликда гумонланиб ҳибсга олиниб, кейинчалик гаров эвазига озод қилинган.
Трамп, Обама ва Клинтон Эпштейн ҳужжатларида тилга олинди
АҚШда жинсий жиноятларда айбланган молиячи Жеффри Эпштейн билан боғлиқ ҳужжатларда 300 дан ортиқ машҳур шахслар номи қайд этилди, улар орасида Доналд Трамп, Барак Обама ҳамда Билль Клинтон бор. Расмийлар исмларнинг тилга олиниши ноқонуний алоқани англатмаслигини, ҳужжатлар эса юзлаб юристлар томонидан кўриб чиқилган миллионлаб саҳифаларни ўз ичига олишини таъкидлади.
Украинада собиқ энергетика вазири мамлакатдан чиқишда ҳибсга олинди
Украина собиқ энергетика вазири Герман Галушченко мамлакатни тарк этишга уринган пайтда қўлга олинди. У 100 миллион долларлик коррупция схемасига алоқадорликда гумонланиб, давлат компаниялари билан боғлиқ шартномалардан тизимли пора олишда айбланмоқда.
Исроил зарбалари оқибатида Ғазода камида 11 киши ҳалок бўлди
Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Ғазо секторининг турли ҳудудларига зарба бериб, кўчирилган оилалар яшаётган лагерлар ва аҳоли пунктларини нишонга олди. Ҳужумлар натижасида камида 11 фаластинлик ҳалок бўлди, Исроил томони эса зарбаларни ҲАМАС ҳаракатларига жавоб чораси сифатида изоҳлади.
Хитой Россиядан нефть импортини февралда рекорд даражага чиқариши мумкин
Февраль ойида Хитойнинг Россиядан нефть импорти кунига 2 миллион баррелдан ошиб, тарихий рекорд даражага етиши кутилмоқда. Таҳлилчиларга кўра, бу ҳолат бошқа харидорлар ҳажмни қисқартиргани фонида Пекиннинг Россия нефтига бўлган талабни кескин оширгани билан боғлиқ.
Найробидаги халқаро аэропорт иш ташлаши сабаб рейслар тўхтади
Кения пойтахтидаги Жомо Кенятта халқаро аэропортида ходимлар иш ташлаши туфайли кўплаб ички ва халқаро парвозлар бекор қилинди ёки кечиктирилди. Норозилик маошларнинг кечикиши ва иш шароитларининг ёмонлиги билан изоҳланмоқда, минглаб йўловчилар эса йўлда қолиб кетди.
Жанубий Кореяда тиббиёт квотаси оширилиши шифокорлар норозилигини кучайтириши мумкин
Жанубий Корея ҳукумати тиббиёт йўналишига қабул квотасини 2027 йилгача 16 фоизга ошириш режасини тасдиқлади. Расмийлар бу қарорни шифокорлар етишмовчилигини камайтириш билан изоҳласа, касаба уюшмалари сифат пасайиши ва иш юкининг ортишидан хавотир билдирмоқда.
Нозимбек Мардонов, Ёқуб Мелибоев ЎзА