Жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича илғор хорижий тажрибалар ўрганилди
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси вакиллари жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш мақсадида Хитойга ташриф буюрди.
Хитойнинг Ляньюньган шаҳрида ташкил этилган кўргазмада полиция тизимидаги рақамли ёндашувлар, сунъий интеллект технологиялари, учувчисиз учиш қурилмалари ва бошқа энг сўнгги технологик янгиликлар намойиш қилинди.
Маҳаллий мутахассислар билан ақлли тизимларнинг имкониятлари, уларни мамлакатимиз ички ишлар органларига жорий қилиш истиқболлари, жамоат хавфсизлигини таъминлашда эришилаётган натижалар ҳақида фикр алмашилди.
Жамоат хавфсизлиги соҳасида ҳамкорлик бўйича глобал форум доирасида “Полиция таълими соҳасида халқаро ҳамкорлик” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда Хитой, Ўзбекистон, Россия, Саудия Арабистони, Гонконг, Камбоджа, Вьетнам ва бошқа давлатларнинг 50 га яқин турдош олий таълим муассасалари раҳбарлари, 200 дан ортиқ эксперт, мутахассис ва халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашди.
Халқаро анжуман манфаатли алоқаларни кенгайтириш орқали полиция таълимини модернизация қилиш, рақамли ва сунъий интеллект технологиялари асосида ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашинувини кучайтириш, кадрлар салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Конференцияда ИИВ академияси бошлиғи Рустам Ҳотамов “Таълим ва технологик инновациялар: ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини тайёрлаш сифати ва самарадорлигини ошириш” мавзуида нутқ сўзлаб, глобаллашув шароитида юзага келаётган долзарб муаммолар ва уларнинг ечимларига эътибор қаратди.
Жаҳондаги геосиёсий ўзгаришлар фонида хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид солаётган янги таҳдидлар пайдо бўлаётгани, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятига янгича иш услубларини жорий этиш, соҳа учун кадрлар тайёрлаш жараёнларини замон талаблари даражасида трансформация қилиб бориш долзарб масалалардан бири эканлиги таъкидланди. Бу борада Ўзбекистон ички ишлар органлари тизимида йўлга қўйилган тажрибалар ва академиядаги ўқитишнинг замонавий ёндашувларига тўхталиб ўтилди.

Анжуманда полиция таълими соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, инновацион ёндашувларни оммалаштириш, таълим муассасалари ўртасида тажриба алмашинувини кучайтириш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан муҳим таклиф ҳамда ташаббуслар илгари сурилди.
Тадбир давомида иштирокчилар Хайдянь туман жамоат хавфсизлиги органларининг ишларни кўриб чиқиш ва тергов қилиш маркази, Жамоат хавфсизлиги университетининг Ахборот ва тармоқ хавфсизлиги институти ҳамда Полиция тактик тайёргарлиги ўқув маркази фаолияти билан яқиндан танишди. Маҳаллий мутахассислар томонидан марказнинг замонавий имкониятлари, полиция тузилмалари учун кадрлар тайёрлаш тизими, ўқитиш технологиялари, симуляцион машғулотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Халқаро форум доирасида делегациялар ўртасида учрашувлар ҳам бўлиб ўтди. ИИВ Академияси бошлиғи Хитой жамоат хавфсизлиги университети президенти, Интерпол глобал академияси ҳамда Гонконг полиция коллежи раҳбарлари билан мулоқот қилиб, икки томонлама ҳамкорлик алоқалари истиқболларини муҳокама қилди.
Н.Абдураимова, ЎзА