Жаҳон чемпионатининг бугунги баҳсларида 4 нафар дзюдочимиз қатнашади
Бугун, 9 август куни Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида дзюдо бўйича катталар ўртасида ўтказилаётган жаҳон чемпионати яккалик мусобақаларининг олтинчи кунги беллашувларида эркаклар ўртасида -100, аёллар ўртасида эса -78 кг вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар аниқланади.
Кун давомидаги беллашувларда терма жамоамизнинг 4 нафар аъзоси совринли ўринларга даъвогарлик қилади.
Хусусан, -100 килограммда ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган Эрназар Сарсенбаев ва Тўлқинбек Турдиев дастлабки саралаш мусобақаларида Буюк Британия ва Словения терма жамоаси аъзолари билан рўбарў келса, аёллар ўртасида -78 килограммда татамига чиқадиган ҳамюртимиз Маржона Кўчимова илк баҳсда Жанубий Корея вакили Ли Жеон Гюн, Барчиной Қодирова Венесуэла терма жамоаси аъзоси Элвисмар Родригес қаршилигини енгишга ҳаракат қилади.
Айтиш лозим, 93 та давлатнинг 620 нафардан зиёд тажрибали дзюдочилари иштирок этаётган жаҳон чемпионатининг ортда қолган бешинчи кунги баҳслари сарҳисобига кўра, Япония терма жамоаси 7 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медали билан якка пешқадам бўлиб турибди.
Кейинги поғоналарда бораётган Испания, Озарбайжон, Грузия терма жамоалари ҳисобида 1 тадан олтин медал мавжуд.
Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан ҳозирча фақат Нурбек Муртазоев -90 кило оғирликдаги 49 та дзюдочи орасида 5-ўринни эгаллаши натижасида халқаро рейтинг очкоси жамғаришга муваффақ бўлди.
Жаҳон чемпионатининг яккалик мусобақалари 10 октябрь куни якунланса, 11 октябрь куни 18 та давлат вакиллари, жумладан Ўзбекистон дзюдочилари иштирокида аралаш жамоавий жаҳон биринчилиги бўлиб ўтади.
Т. Рўзиев, ЎзА