Ижтимоий хизматлар энг олис ҳудудларга ҳам етиб бормоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилояти Термиз туманидаги Гулистон маҳалласида қарийб 3 минг аҳоли истиқомат қилади. Улар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, “Онлайн маҳалла” электрон платформасига киритилган.
Маҳалланинг ижтимоий ходими Муҳаббат Холиқова томонидан 70 дан ортиқ “Кейс менежмент” очилган бўлиб, оилаларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳолати яхшиланишига эришилди.
Ҳудудда оғир ижтимоий ҳолатга тушган ва тушиш хавфи бўлган аҳоли билан манзилли ишлар олиб борилиб, уларнинг иқтисодий аҳволи таҳлил қилинмоқда.
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга ижтимоий нафақалар тайинлаш, маълумотларни тақдим этиш ишлари ҳам самарали ташкил этилмоқда. Уйма-уй юриш чоғида улар ўртага ташлаётган масалаларни ҳал этиш йўллари изланаётир.
– Маҳаллада ишлайдиган ижтимоий ходим аҳолининг ижтимоий хизмат ва ёрдамлар учун дастлабки баҳолаш ишларини ўтказади, – дейди Гулистон маҳалласи ижтимоий ходими Муҳаббат Холиқова. – Шунингдек, ижтимоий иш фаолияти ҳақида хабардорлигини ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатишни ташкил қилиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг мурожаатига асосан, кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларда ўз ташаббуси билан “ижтимоий иш”ни очиш ҳамда индивидуал ижтимоий хизматлар режасини тузади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга зарур ҳолларда қисқа муддатли индивидуал ижтимоий ёрдам режасини тузади, аҳолига давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизмат ва ёрдамлар тўғрисида, шунингдек, аҳолининг мазкур хизматларни олишга бўлган ҳуқуқлари бўйича тушунтириш беради.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА