Ижтимоий ҳимояда инсон қадри устувор
Тошкент вилоятида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш, уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш ва хонадонларини замонавий талаблар асосида жиҳозлаш борасида амалий ишлар изчил давом этмоқда.
Жумладан, Юқори Чирчиқ туманида давлат таъминотидаги, ногиронлиги бўлган фуқароларнинг хонадонларида таъмирлаш ва энергия тежамкорликка қаратилган ишлар амалга оширилди. Ҳудуддаги Тоштўғизоқ маҳалласида истиқомат қилувчи I гуруҳ ногирони Кулдигул Бердиеванинг хонадонига пандус ўрнатилди, эшик ва ромлар янгисига алмаштирилди. Уй тўлиқ таъмирланиб, замонавий ҳаммом қуриб берилди, иситиш тизими янгиланди.
– Илгари уйимизда бунчалик қулайликлар бўлмаган эди, – дейди Тоштўғизоқ маҳалласида яшовчи К.Бердиева. – Бу ишларга эътибор қаратилиб, биз каби кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олинаётгани қалбимизга илиқлик бағишлайди. Яратилган шароитлар кундалик ҳаётимизни анча енгиллаштирди. Бундай ғамхўрлик ва эътибор учун барча мутасаддиларга миннатдорчилик билдираман.

Шунингдек, Наврўз маҳалласида яшовчи Акмал Аблукеремов, Жумабозор маҳалласида истиқомат қилувчи Илмира Кабирова ҳамда Гулобод маҳалласида яшовчи Иззат Ёдгоровнинг хонадонлари ҳам энергия тежамкор ҳолатга келтирилди. Амалга оширилган ишлар натижасида фуқаролар учун қулай, хавфсиз ва энергиядан самарали фойдаланиш имконини берувчи шароитлар яратилди.
Мазкур саъй-ҳаракатлар Президентимизнинг 2026 йил 5 февралдаги “2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда. Унда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Мустақиллик байрами арафасида Тошкент вилоятида жами 120 та оила хонадонлари энергия тежамкор ҳолатга келтирилиб, фойдаланишга топширилди. Бу каби эзгу ишлар, аввало, инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг турмуш фаровонлигини ошириш ва улар учун муносиб яшаш шароитларини яратишга хизмат қилмоқда.
А.Мусаев,ЎзА