Ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга олиб чиқилмоқда
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори ҳамда Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Тойво Клаар ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги фаолияти, «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари тармоғини ривожлантириш, маҳалла даражасида ижтимоий ходимлар институтини жорий этиш, ижтимоий хизматлар кўламини кенгайтириш ҳамда соҳани рақамли трансформация қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар тақдим этилди.
Томонлар Европа Иттифоқи билан SOCIEUX+, TAIEX, Twinning ва Erasmus+ дастурлари доирасидаги ҳамкорлик истиқболларини ҳам муҳокама қилди. Хусусан, ижтимоий хизматлар ва ижтимоий уй-жой тизимини ривожлантириш, ногиронлиги бўлган шахслар учун инклюзив муҳит яратиш, реабилитация хизматлари ва ассистив технологияларни такомиллаштириш, сунъий интеллект асосида ижтимоий ҳимоя тизимини рақамлаштириш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ҳамда соҳа мутахассислари салоҳиятини ошириш устувор йўналишлар сифатида қайд этилди.
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, ушбу йўналишдаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга Европа Иттифоқи тайёр эканини таъкидлади. Шунингдек, 2028–2034 йилларга мўлжалланган Европа Иттифоқининг янги дастурий даврига тайёргарлик ишлари бошланганини маълум қилиб, Агентлик томонидан билдирилган таклифлар келгусидаги ҳамкорлик дастурларини шакллантиришда инобатга олинишини қайд этди.
Учрашув якунида Агентлик директори Европа Иттифоқи вакилларини 2026 йил 21–22 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган «Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодлар учун барқарор ва адолатли тараққиёт сари» мавзуидаги Бутунжаҳон саммитида иштирок этишга таклиф қилди.
Томонлар учрашув якунлари бўйича ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва узоқ муддатли стратегик шерикликни изчил ривожлантиришга келишиб олди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА