Ижод мактабида халқаро илмий конференция
Қашқадарё вилоятидаги Абдулла Орипов номидаги ижод мактабида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 85 йиллиги муносабати билан “Миллий шеърият ва глобал тафаккур: Абдулла Орипов феномени” мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди.
Мазкур анжуман ижод мактаби, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги, Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, Қарши давлат университети ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда мамлакатимиздаги етакчи олий таълим муассасалари вакиллари билан бир қаторда Германия, Россия, Туркия ва Озарбайжондан ташриф буюрган олимлар, тадқиқотчилар ва педагоглар иштирок этди. Улар Абдулла Орипов ижодининг бадиий-эстетик хусусиятлари, миллий тафаккурдаги ўрни ҳамда унинг адабий меросини замонавий, жумладан, рақамли таълим жараёнларига интеграция қилиш масалалари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
[gallery-28501]
Конференция аввалида шоир ҳайкали пойига гулчамбар қўйилиб, унинг хотирасига ҳурмат кўрсатилди. Шундан сўнг иштирокчилар Абдулла Орипов музейи билан танишди. Ижод мактаби ҳудудида шоир шеърларига басталанган куй-қўшиқлар янграб, тадбирга ўзига хос руҳ бағишлади.
Асосий йиғилишда шоир ижодида тил ва маъно уйғунлиги, унинг миллий маданий идентификациядаги ўрни, шунингдек, замонавий таълим тизимидаги аҳамияти каби долзарб масалалар кенг муҳокама қилинди. Шунингдек, хорижий иштирокчилар билан ZOOM платформаси орқали мулоқотлар ташкил этилди.
Тадбир доирасида ижод мактаби ўқитувчилари ва иқтидорли ўқувчилари томонидан тайёрланган адабий-бадиий композициялар ва мусиқий чиқишлар намойиш этилди.
Қайд этилганидек, мазкур халқаро конференция илм-фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий қадриятлар руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Анжуман якунида илмий мақолалар тўплами нашр этилиб, кенг жамоатчиликка тақдим этилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари