Истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди
Самарқанд шаҳрида Глобал экологик жамғармасининг (GEF) 8-ассамблеяси доирасида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) вакиллари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши делегацияси ўртасида истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари В.Жоллибеков бошчилигидаги делегацияси, Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раисининг ўринбосари Ж.Казбеков, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (FAO) Ер ва сув ресурслари бўлими директори Ли Лифэн, FAOнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Ш.Умаров ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди.
Унда асосий эътибор Орол денгизига коллектор-дренаж сувларини йўналтириш ва ҳудудда сув ресурсларини барқарор бошқариш лойиҳасига қаратилиб, ушбу ташаббус юзасидан батафсил музокаралар олиб борилди.
Учрашув давомида ушбу истиқболли лойиҳа доирасидаги келгуси амалий қадамлар ва ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди. Хусусан, лойиҳанинг молиявий ва техник механизмларини янада аниқлаштириш мақсадида Яшил иқлим жамғармаси (GCF), FAO ташкилоти ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши вакиллари иштирокида уч томонлама учрашув ташкил этиш ҳамда муҳокамаларни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.