“Истеъмол саватчаси” – аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши учун қанчалик зарур?
“Истеъмол саватчаси” аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур бўлган даромадлар миқдорини белгилайди ва амалда мамлакат иқтисодиёти кўрсаткичининг барометри бўлиб хизмат қилади.
“Истеъмол саватчаси” аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур бўлган даромадлар миқдорини белгилайди ва амалда мамлакат иқтисодиёти кўрсаткичининг барометри бўлиб хизмат қилади.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муқаддимасида республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлаш олий мақсад этиб белгиланган. Унинг 39-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, “пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас”.
Давлатимиз раҳбари томонидан тақдим этилган Мурожаатноманинг “Ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича устувор йўналишлар”га бағишланган IV йўналишда “илғор хорижий тажриба асосида аҳолининг муносиб ҳаёт даражаси учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича “истеъмол саватчаси” тушунчасини қонунчиликда мустаҳкамлаш ва уни амалда таъминлаш механизмларини яратиш ҳақидаги таклиф илгари сурилди.
Республика фуқароларининг Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган ушбу ҳуқуқларини ҳаётга бевосита татбиқ этишга қаратилган президент таклифи, нафақат ижтимоий-иқтисодий, таъбир жоиз бўлса, сиёсий ҳаётимизда оламшумул воқелик бўлди.
Нима учун биз буни оламшумул воқелик деб айтаяпмиз. Бунинг сабабини қуйидагича изоҳлаш мумкин. Дунё амалиётида ўзини ҳурмат қилган ва мамлакат иқтисодиётининг ривожланиши кўрсаткичларини дунё ҳамжамиятидан яширмайдиган, қолаверса, мамлакат аҳолисининг турмуш даражаси қанчалик юқори эканлигини, таъбир жоиз бўлса кўз-кўз қилиш истагида бўлган, албатта буни барча давлатлар хоҳлайди, ўз аҳолисининг муносиб ҳаёт даражаси учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича “истеъмол саватчаси” тушунчасини, уни белгилаш тартибини ўзларининг миллий қонунчилигида мустаҳкамлаб қўяди.
Бу билан ҳар бир мамлакат ўзининг иқтисодий ривожланганлик даражасини намоён этса, иккинчидан ўз халқи олдидаги мажбуриятларини қанчалик бажараётганлигини кўрсатади.
Шунингдек, ҳар бир мамлакатда “истеъмол саватчаси”ни қонунчилик асосида белгилаб қўйиш қуйидаги мақсадларни кўзлайди.
Биринчи, ижтимоий соҳада долзарб бўлган энг муҳим йўналишларни ва ижтимоий давлат дастурларини қабул қилишда мамлакат аҳолисининг ҳаёт даражасини инобатга олиш.
Содда қилиб айтганда, ислоҳотлар ислоҳот учун эмас, энг аввало инсон манфаатлари учун деган, тамойилни ҳаётга татбиқ этиш.
Иккинчи, мамлакат қонунларига мувофиқ, иш ҳақи ва ёшга доир нафақаларни энг кам миқдорини ўрнатиш, кўп болалик оилаларга, ишсизларга ижтимоий ёрдам, шунингдек, стипендия ва бошқа ижтимоий тўловлар миқдорини белгилаш.
Учинчи, кам таъминланган аҳоли қатламининг ижтимоий ёрдам олиш ҳуқуқининг тартибини белгилаш.
Тўртинчи, давлат томонидан кафолатланадиган таълим, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ва бошқа, ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг энг кам стандартларини аниқлаш.
Бешинчи, фуқароларнинг солиққа тортилмайдиган даромадларининг энг кам миқдорини ўрнатиш.
Олтинчи, мамлакатнинг Давлат бюджети ва маҳаллий бюджетларини шакллантиришда аввало аҳолининг энг кам таъминланган ижтимоий қатламлари манфаатларини инобатга олиш. Президентимиз таъбири билан айтганда, “Халқни рози қилиш”.
Қолаверса, Давлат бюджети ва маҳаллий бюджетларни бундай тартибда қабул қилиш орқали фуқароларга муносиб турмуш шароитини яратишга эришиш.
Юқорида таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида “пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас”, деган қоида белгилаб қўйилган бўлса-да, бироқ ушбу конституциявий норма амалиётга жорий қилинмади.
Давлат раҳбари таъбири билан айтганда, “ўлик қонун” сифатида йиллар давомида ишламади. Чунки ушбу конституциявий норма ҳаётга татбиқ қилинишидан айрим вазирликлар, мансабдор шахслар манфаатдор бўлмаган.
Агар у амалиётга жорий қилинганида эди, нафақат мамлакатнинг жуда тез суръатлар билан ўсаётган “иқтисодий кўрсаткичлар”ига, балки баъзи бир амалдорларнинг обрўсига, аниқроғи, мансаб лавозимига салбий таъсир қилар эди.
Шунинг учун ҳам ўтган йилларда мамлакат иқтисодий ривожланишининг ўсиш суръатларини хаспўшлаш мақсадида аҳолининг реал даромадлари кўрсаткичлари ва бунда аҳолининг муносиб ҳаёт даражаси учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича “истеъмол саватчаси” тушунчасини қонунан мустаҳкамлашга эътиборга қаратилмади.
Биз эса, мамлакат иқтисодининг барқарор ўсиш суръатлари ЯИМ нисбатан 8 фоизга ўсди деб, бутун дунёга жар солишда чарчамадик. Ўзимиз минг шубҳа билан ишониб-ишонмаган маълумотга бошқаларни ишонтиришга ҳаракат қилдик.
Ачинарлиси, ўзимиз ўйлаб топган ёлғонлар ўзимизга қимматга тушди. Президентимиз айтган иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари саккиз фоиздан юқори бўлган мамлакатда одамлар “сил касали”га учрамайди.
Фақат қорни тўйиб овқат емаган одам “сил касали”га гирифтор бўлиши мумкин, деган оддий ҳақиқатни эндигина тан олдик. Бундан энг кўп жабр кўрган ҳам оддий фуқаролар бўлди, холос.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг Олмалиқ шаҳрида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида “Халқимиз биз ноинсофларни кечириши керак. Халқдан кечирим сўрашимиз керак”, деганларида нима назарда тутилганлигини энди кўпчилик тушуниб етган бўлса, ажаб эмас.
Бугунги кунда дунё амалиётида, турли мамлакатларда, аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича “истеъмол саватчаси”ни бир нечта усулларда аниқлаш тажрибаси мавжудлигини кўрсатмоқда.
Биринчиси, статистик усул бўлиб, бунда мамлакатда яшаётган ва энг кам даромадга эга бўлган фуқароларнинг 10-20 фоизи оладиган даромадлар даражасидан келиб чиқиб белгиланади.
Мазкур усул аҳоли оладиган даромадлари бирмунча юқори даражада бўлган мамлакатларда қўллаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Иккинчиси, ижтимоий ёки субъектив ёндашув. Ушбу усулда асосан аҳоли яшаш учун зарур бўлган энг кам даромад миқдори ҳақида ижтимоий сўров ўтказилади. Ушбу усул кўпроқ маслаҳатлашув аҳамиятга эга бўлиб, давлатнинг реал иқтисодий имкониятларини кўрсатмайди, балки одамларнинг ҳақиқий эҳтиёжларини аниқлашда қўл келади.
Учинчиси, ишлаб чиқариш ресурслари (бойлик)га асосланган усул, яъни мамлакатнинг иқтисодий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда белгилаш. Аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур бўлган даромадларни аниқлашни бундай усули, асосан, тараққий топган мамлакатлар тажрибасида учрайди.
Тўртинчиси, комбинацияланган усул. Бунда ҳаёт кечириши учун зарур бўлган даромадлар миқдори бир нечта усуллар асосида белгиланади. Масалан, озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжлар қатъий белгиланган меъёр асосида белгиланади. Уй-жой, коммунал ва бошқа хизматлар учун сарф харажатлар, ҳақиқатда амалда бўлган тўлов суммасидан келиб чиқиб аниқланади. Аҳолининг ноозиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжлари эса, умумий харажатлардан келиб чиқиб, фоиз асосида белгиланади.
Албатта, юқорида кўрсатиб ўтилган аҳолининг муносиб ҳаёт даражаси учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича “истеъмол саватчаси”ни аниқлаш бўйича тартиб-қоидалар, қатъий қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.
Масалан, 1997 йил 24 октябрда Россия Федерациясининг “Россия Федерациясида яшаш учун энг кам миқдор ҳақида”ги Федерал Қонун қабул қилинган (Федеральный Закон “О прожиточном минимуме в Российской Федерации” 24 октябрь 1997 год. №134-ФЗ).
Мазкур қонун жами саккиз моддадан иборат бўлиб, қонуннинг асосий тушунчалар (“истеъмол саватчаси”, “яшаш учун энг кам миқдор”, “оила”, “аҳолининг асосий ижтимоий-демографик гуруҳи ” “оиланинг ўртача ойлик даромади” в.б), яшаш учун энг кам миқдорни тайинлаш, “истеъмол саватчасини” белгилаш тартиби, яшаш учун энг кам миқдорни белгилаб бориш муддати ва уни ўрнатиш тартиби, Россия Федерацияси субъектларида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига ёрдам кўрсатиш учун яшаш учун энг кам миқдорни ҳисобга олиш, шунингдек, Россия Федерациясида яшаш учун энг кам миқдор кўрсаткичлари ҳақидаги маълумотларни эълон қилиб бориш тартиби белгиланган.
Бу борада, яъни яшаш учун энг кам миқдорни белгилаш борасидаги қонунчиликни яратишда Қозоғистон Республикаси ҳам ўзига хос ёндашган.
Қозоғистон Республикасининг “Энг кам ижтимоий стандартлар ва уларнинг кафолатлари ҳақидаги” Қонуни (Закон Республики Казахстан “О минимальных социальных стандартах и их гарантиях” от 19мая 2015 года. №314-V ЗРК.) 2015 йил 19 майда қабул қилинган.
Ушбу қонун жами 39-моддадан иборат бўлиб, унда соҳани тартибга солишга қаратилган барча тартиб қоидалар қатъий белгилаб қўйилган.
Эътиборлиси, қонунда ҳаволаки нормалар жуда кам қўлланилган. Аҳолини муносиб ҳаёт кечириши учун зарур бўлган энг кам миқдорни белгилаш тартиби ва унда меҳнат, ижтимоий таъминот, таълим, она ва бола, соғлиқни сақлаш, маданият, жисмоний тарбия ва спорт, шунингдек, давлат томонидан кафолатланган юридик ёрдам кўрсатиш учун энг кам миқдорни белгилашни назарда тутган. Албатта буларни қонуннинг энг муҳим жиҳатлари деб айтиш мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан биринчи марта мамлакатимиз парламенти – Олий Мажлисга тақдим этилган Мурожаатномасида илгари сурилган ва шу асосда қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича “истеъмол саватчаси”га оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланди.
Ўйлаймизки, мазкур ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишга масъул бўлган вазирликлар ва бошқа мутасадди ташкилотлар аввало аҳолининг талаблари ва истакларини инобатга олиб, миллий қонунчилигимизда тўпланган тажриба, шунингдек, иқтисодий тараққий топган мамлакатлар эришган ютуқларга таянган ҳолда иш олиб борилса, айни муддао бўлар эди. Албатта, бунда кўпчилик аҳолимиз ва кенг жамоатчиликни фаол иштироки фойдадан холи бўлмайди.
Яқинда Барселона халқаро муносабатлар маркази (CIDOB) ўтган йилда халқаро вазиятга таъсир кўрсатган машҳур инсонлар ҳамда энг муҳим воқеалар рўйхатини эълон қилгани ва унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилда Ўзбекистон Президенти сифатидаги фаолиятига юқори баҳо бериб, у нафақат мамлакатда, шу билан бирга, унинг ташқарисида ҳам янги муҳит яратишда, келажакка ишонч туйғусини оширишда алоҳида ўрин тутганини қайд этишган.
Бундан кўриниб турибдики, Давлатимиз раҳбари шахсига берилган бу юксак баҳо мамлакатимизни дунё ҳамжамиятида мустаҳкам ўрин топгани ва Ўзбекистонда ҳақиқатдан ҳам буюк ўзгаришлар даври бошланганига халқаро жамоатчилик томонидан берилган эътибордир.
Абдуманноб РАҲИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди
котибиятининг мудири,
юридик фанлар номзоди