Истанбул турк дунёси кино санъати майдонига айланди
Истанбул шаҳрида анъанавий 6-Кўрқут Ота турк дунёси кинофестивали бошланди. Юқори савияда ташкил этилган мазкур халқаро анжуман туркий халқлар кино санъати, маданияти ва ижодий салоҳиятини бир майдонда намоён этмоқда.
Тарихий “Атлас-1948” кинотеатрида бўлиб ўтган тантанали очилиш маросимида буюк қирғиз адиби Чингиз Айтматов ҳаётига бағишланган фильм намойиш этилди. Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги шафелигида ўтказилаётган фестивалда турли мамлакатларидан келган ижодкорлар – режиссёр, актёр ва маданият намояндалари иштирок этмоқда.
Турк дунёси кинематографиясининг муҳим маданий тадбирларидан бирига айланган фестивалнинг илк фильми – туркий адабиёт ва жаҳон маънавий тафаккурининг йирик намояндаси Чингиз Айтматов ҳаёт йўли, ижоди ва бой маънавий мероси ҳақида ҳикоя қилувчи картина томошабинларга унутилмас таассурот бағишлади.
Очилиш маросимида сўзга чиққан нуфузли меҳмонлар – Халқаро кино уюшмаси бошқаруви аъзоси, фестиваль директори Эҳсон Қобил, анжуман ташкилотчилари раҳбари Назиф Тунч ҳамда маданият ва туризм вазири ўринбосари Гўкхон Ёзғи турк дунёси кинематографиясининг муштарак маданий қадриятларимизни асраб-авайлаш, бундай бебаҳо меросни келажак авлодга етказиш, шунингдек давлатларимиз ўртасидаги маданий ҳамкорликни янада ривожлантиришдаги ўрни ва аҳамиятини алоҳида таъкидлади.
Ранг-баранг мусиқа ва халқ рақслар ҳам йиғилганларни ром этди. Хусусан, вазирлик ҳузуридаги Турк дунёси мусиқа ва рақс ансамбли бадиий дастури доирасида турли ҳудудларга хос миллий куй-қўшиқлар янгради. Анъанавий ижролардан иборат чиқишлар тадбир иштирокчилари томонидан тинимсиз олқиш билан кутиб олинди. Ушбу миллий санъат намуналари муштарак маданий илдизлар, дўстлик ва қардошлик ришталарини яна бир бор ёрқин ифода этди.

Табиийки, фестивалда Ўзбекистон ҳам ўз фильми билан иштирок этмоқда. Режиссёр Дилшодбек Усмонов раҳбарлигида суратга олинган “Қуёш боласи Юсуф” номли ижод намунаси қисқа метражли фильмлар танлови дастуридан жой олди. Мазкур картина 4 ва 6 ноябрь кунлари соат 11:40 да Истанбул университети Коммуникация факультети Метин Эрксон кинотеатрида намойиш этилади.
Ижодкорларимиз бундай йирик халқаро фестивалда иштирок этиши миллий кинематографиямиз халқаро миқёсда янада танилиши, ўзбек кино санъати ютуқларини кенг тарғиб этиш ҳамда туркий халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.
Бой маданий дастурдан турли учрашув ва муҳокамалардан ташқари, 1-Халқаро Кўрқут Ота кино симпозиуми, “Бўздоғ” киностудияси айвонларига саёҳат ва бошқа кўплаб тадбирлар ўрин олган.

Анжуман 7 ноябрь куни тантанали гала-кеча ва тақдирлаш маросими билан ниҳоясига етади.
Хуллас, турк дунёси муштарак маданий меросини кино воситасида кенг тарғиб этишга қаратилган 6-Кўрқут Ота турк дунёси кинофестивали нафақат кинематография соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, балки қардош халқлар дўстлиги, бирдамлиги ва маънавий яқинлигини янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамдир.
Нодира Қаюмова, ЎзА
Истанбул, Туркия