Исроил ҳарбий амалиёт туфайли 57 миллиард доллар йўқотди
“Bloomberg” агентлиги Исроил банки томонидан тақдим этилган 2025 йилги ҳисоботга таяниб хабар қилишича, Ғазо секторидаги икки йиллик ҳарбий амалиёт ва Ливанга бостириб кириш ҳаракати мамлакат иқтисодиётига мисли кўрилмаган даражада оғир зарба берган. 2023-2025 йиллар оралиғидаги умумий молиявий йўқотиш 177 миллиард шекел, яъни тахминан 57 миллиард долларни ташкил этган. Бу кўрсаткич йиллик ялпи ички маҳсулотнинг 8,6 фоизига тенг.
Ҳужжатда келтирилишича, мазкур рақам нафақат бевосита ҳарбий харажат, балки иқтисодий ўсиш секинлашуви ва инфратузилмавий зарарни ҳам ифодалайди. Ҳарбий маҳкама вазиятни назорат қилиш мақсадида 2026 йил учун қайта кўриб чиқилган давлат бюджетига урушни молиялаштириш учун яна қўшимча 13 миллиард доллар ажратди. Демак, ғазнага босим янада ортиши эҳтимоли кучли.
Иқтисодий инқироз чуқурлашиши нафақат ички ресурс сарфи ортгани, балки халқаро савдо алоқаси сустлашуви билан ҳам боғлиқ. Таъкидланишича, Исроил учун стратегик муҳим ҳисобланган Европа Иттифоқининг саккиз давлатига экспорт сезиларли даражада қисқарган. Хусусан, ташқи савдо айланмаси 2024 йил 1 миллиард, 2025 йил 1,5 миллиард доллар камайган. Гарчи, баъзи ўлкалар билан савдо-сотиқ ўсган бўлса-да, анъанавий бозорлардаги йўқотиш умумий иқтисодий манзарани мураккаблаштирмоқда.
Тўғри, мазкур ҳисобот ҳозирча Исроил ва Эрон ўртасида тўрт ҳафтадан буён давом этаётган ҳаво ҳужуми ва жавоб зарбаси молиявий оқибатини қамраб олмаган. Бинобарин, умумий зарар миқдори янада ошиши кутиляпти.
Хуллас, давом этаётган ҳарбий можаро Исроилни узоқ муддатли иқтисодий турғунлик ва халқаро бозордаги позиция заифлашуви каби жиддий хатар қаршисида қолдирмоқда.
Ф. Яхшибоева, ЎзА