Испания ва Гибралтар ўртасидаги чегара назорати бекор қилинди
Испания ва Гибралтар минтақаси ўртасида йиллар давомида турли баҳслар ва узун навбатларга сабаб бўлиб келган чегара назорати бекор қилинди. Эндиликда одамлар ва транспорт воситалари илк бор божхона текширувисиз эркин ҳаракатлана бошлади. Тантанали маросимда Гибралтар бош вазири Фабиан Пикардо бу воқеани “Европа қайтди” деган сўзлар билан эълон қилди.
Бу ўзгариш Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши (Brexit) ортидан Лондон ва Брюссель ўртасида эришилган келишув натижасида амалга ошди. Ҳужжатга ЕИ, Испания, Буюк Британия ва Гибралтар вакиллари Брюсселда имзо чекди.
Атига 40 минг аҳоли яшайдиган Гибралтар иқтисодиёти асосан, ҳар куни Испаниядан ишга қатнайдиган 15,5 минг нафар ходим меҳнатига таянади. Шунинг учун чегарадаги кўп соатлик навбатлар нафақат аҳоли, балки бизнес учун ҳам катта муаммо ҳисобланарди. Энди эса ҳудуд Шенген (Европада эркин ҳаракатланиш ҳудуди) қоидаларига мос тартибда фаолият юритади.
Испания ташқи ишлар вазири Хосе Мануэль Альбарес келишувни “янги даврнинг бошланиши” деб атади. Унинг фикрича, бу қадам чегаранинг ҳар икки томонида иқтисодий фаолликни ошириб, минглаб одамлар ҳаётини енгиллаштиради.
Маълумки, Гибралтар масаласи Лондон ва Мадрид ўртасида уч асрдан бери баҳсли мавзулардан бири бўлиб келади. 1713 йилдаги Утрехт шартномаси билан ҳудуд Британияга ўтган, 1969 йилда эса Испания раҳбари Франсиско Франко чегарани тўлиқ ёпиб қўйган эди. Бу чеклов 13 йил давом этган ва минглаб оилалар ҳамда ишчиларнинг кундалик ҳаётига жиддий таъсир кўрсатган. Янги келишув эса томонлар муносабатидаги энг муҳим ўзгаришлардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА