Испания тажрибаси Ўзбекистон далаларида: ҳамкорликдан қандай натижа кутилмоқда?
Қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш ерга экин экиш ёки уни ўз вақтида зарур ўғитлар билан озиқлантиришдан иборат эмас. Бунинг учун энг аввало тупроқнинг ҳолатини яхшилаш, сув ва ресурслардан оқилона фойдаланиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва энг муҳими, ҳар бир сарфланган маблағдан самара олиш зарур. Бугун аграр соҳа олдида турган энг муҳим вазифалардан бири ҳам шу.
Пойтахтимизда ташкил этилган Испания–Ўзбекистон бизнес-форуми ана шу масалаларга хорижий тажриба ва ҳамкорлик нуқтаи назаридан ёндашиш имконини берди. Форумда Испаниянинг 20 га яқин компанияси вакиллари иштирок этиб, Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, янги инвестициявий лойиҳаларни йўлга қўйиш ва аграр тармоққа замонавий ечимларни олиб кириш масалаларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш билан бирга тупроқ унумдорлигини сақлаш, ер ресурсларининг сифатини яхшилаш ва ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш масалалари ҳам долзарб. Чунки тупроқнинг ҳолатига эътиборсизлик, агротехник талабларга риоя қилмаслик ва эскича ёндашувлар эртанги ҳосилга бугундан таъсир кўрсатади.
[gallery-32252]
Форум доирасида Испания компаниялари вакиллари билан ўтказилган учрашувда айнан шу йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, минерал ва органик ўғитлар ишлаб чиқариш ҳамда етказиб бериш, тупроқ унумдорлигини оширишга қаратилган замонавий ечимларни жорий этиш имкониятлари муҳокама қилинди. Шунингдек, тупроқни дезинфекция қилишда қўлланиладиган маҳсулотлар, илғор технологиялар ва инновацион ишланмаларни ўзлаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Соҳа вакиллари Испания–Ўзбекистон бизнес-форуми икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш, аграр соҳада янги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш ва истиқболли лойиҳаларни шакллантиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Муҳайё Тошқораева,
Носиржон Ҳайдаров (сурат)
ЎзА