Иқтисодий процессуал қонунчилигимиз англо-саксон ҳуқуқи томон тортилиши шарт
Иқтисодий процессуал қонунчилик деганда - иқтисодий суд ишларини юритиш ва кўриб чиқиш тартибини белгиловчи, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатлари, масалан, судларда банкротлик низоларини кўриб чиқиш тартиб ва шартларини ҳам ўзида назарда тутувчи “Тўловга қоблиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни, иқтисодий суд ишларини юритиш ва кўриб чиқиш тартибига оид Олий суд Пленуми қарорлари каби ҳуқуқий ҳужжатларни тушиниш даркор.
Англаганингиздек, бир судья бир суд процессини ўтказиши учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига қатъий риоя қилиши, бу процессуал тартиблар шунчалик кўплиги ва ортиқчалигидан, моддий нормаларни ўрганиш ва қўллаш орқали низони ҳал этиши иккинчи ўринга тушиб қолиши ҳам мумкин. Ана шундан бошланади-да, кейин айрим тоифа низолар юзасидан ягона бўлмаган амалиёт масаласи.
Муҳими, бошқа процессуал қонунлар қатори Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексида Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади деб белгиланган. Айни мана шу халқаро номалар ҳам ягона амалиётни шакллантиришга хизмат қилади, чунки, ушбу нормалар кўп ҳам ўзгаравермайди, аксарият ҳолларда кўп вақтлар мобайнида барқарорлигини сақлаб қолади.
Агар, эътибор қилган бўлсангиз иқтисодиёти барқарор ва тадбиркорлик яхши йўлга қўйилган аксарият давлатларда иқтисодий (фуқаролик) низоларни кўриб чиқиш ва иш юритиш тартиби англо-саксон ҳуқуқи асосида ягона амалиётга асосланган механизм асосида йўлга қўйилган. Судларда низоларни кўриб чиқиш ва иш юритиш процессуал жиҳатдан қатъий тартибига солинмайди. Балки, одил судловнинг вазифаси ишни тўғри ҳал этиш, мавжуд низони оқилона ечимига йўналтирилади ҳамда иш ва низо ечими ягона амалиётга асосланади.
Хуллас, суд ишни оқилона ҳал этади, низони ечиб беради. Судьянинг хулосаси ва қарорига процессуал тартибга риоя қилинганига қараб эмас, хулоса, қарор натижаси иш ва низони ҳал қилишга, тарафларни рози қилишга йўналтирилганлиги билан аҳамият касб этади.
Бу амалиётни эса бир хил амалиёт яъни, адолат ва қонунни оғишмай доим бирга қўллаш жараёни деймиз.
Яқиндагина бўлиб ўтган – бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида давлатимиз раҳбари, Тошкент халқаро молия марказида Англия ҳуқуқига асосланган махсус тартиб-тамойил жорий этилиши, мустақил Тошкент халқаро тижорат суди ташкил қилиниши, унда нуфузли хорижий судьялар ва халқаро экспертлар фаолият юритиши, шу билан бирга, инвестицион медиация тизими ҳам ривожлантирилишни, бу борада Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Медиация тўғрисидаги Сингапур конвенциясига қўшилиш ниятида эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Илло, ушбу ислоҳотлардан кўзланган мақсад ҳам аввало, иқтисодий низоларни ҳал этишнинг тан олинган илғор тажриба ва механизмларини юртимизда жорий этиш орқали иқтисодий низоларни судларда кўриб чиқишдаги қотиб қолган процессуал муддат ва тартиб-таомиллардан тамомила янгича бўлган энг мақбул тизимни жорий этишни назарда тутади.
Судларда низоларни кўриб чиқиш ва иш юритиш тартибига урғу асосан эскидан қолган процессуал қонунчилик томон оғиб бориши мақсадга мувофиқ эмас. Акс ҳолда, судьянинг мустақил хулосаси, тўғри қарорига салбий таъсири ортиб бораверади, қабул қилинган қарорлар эса, низони ҳал этмай, ишни адолатли ечмай, натижа келтирмай, қарор қабул қилиб қўявериш, пировардида қарорларни ижроси таъминланишининг ҳам самарадорлиги пасайиб кетишига олиб келиниши мумкин.
Аксинча, моддий ҳуқуқ нормаларини, фактик ҳолатларни устувор билиш ҳамда адолат ҳуқуқини, суд томонидан муайян ишни кўриб чиқишда қабул қилинган энг адолатли ҳамда энг тўғри қарор, ечимни ва кейинчалик шунга ўхшаш ишларни ҳал қилиш учун мажбурий ёки намунавий қоида сифатида қўллаш амалиётини кенг йўлга қўйиш эса, мустақил одил судловга ишонч ортишига тўсқинлик қилаётган омилларни бирин-кетин йўқ қилиб боради.
Бунинг учун эса, судларда ягона амалиёт – суд томонидан муайян ишни кўриб чиқишда қабул қилинган энг адолатли ҳамда энг тўғри қарор ва ечимни барча судларда бир хилда қўллашга эришишнинг яхлит ҳуқуқий механизмини айнан процессуал қонунчилигимизга имплементация қилишимиз шарт.
Нуриддин Муродов, судья