Инвестиция самараси — янги технопаркда намоён
Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари ҳудуднинг саноат салоҳиятини юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш ва иқтисодий фаолликни оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ана шундай истиқболли лойиҳалардан бири – “DA SHUN GROUP” хорижий компанияси томонидан ташкил этилган қурилиш технопаркидир.
Нурафшон шаҳар ҳокимлиги томонидан журналистлар учун ташкил этилган пресс-турда мазкур объектда амалга оширилаётган хорижий лойиҳалар билан таништирилди. Қайд этилишича, Хитой инвестицияси асосида барпо этилган мазкур технопарк 2025 йилда ишга туширилган бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 120 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Бу ерда замонавий технологиялар асосида қурилиш саноати учун зарур маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Натижада 300 нафардан ортиқ фуқаролар доимий иш билан таъминланди.

– Технопарк ҳудудида ҳозир хорижий инвестиция иштирокидаги 38 дан ортиқ кичик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхонаси фаолият юритмоқда, – дейди Нурафшон шаҳар ҳокимлиги мутахассиси Рамзиддин Эргашев. – Уларда қурилиш тармоғи учун замонавий маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хизматлар кўламини кенгайтириш ҳамда янги технологияларни жорий этиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ички бозордан ташқари Германия, Россия, Қозоғистон ва Тожикистон каби давлатларга экспорт қилинмоқда. Келгусида технопарк ҳудудида бу каби лойиҳаларни янада кўпайтириш режалаштирилган. Бунинг учун яна 58 та корхона вакиллари билан келишувларга эришилган. Улар зарур ускуна ва жиҳозларни хориждан олиб келиш чораларини кўряпти.

Технопаркда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, маҳсулотлар сифатини халқаро стандартлар даражасига етказиш ва янги инвестиция лойиҳаларини жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Охирги йилларда мамлакатингизда биз каби хорижлик тадбиркорлар фаолиятига кенг имконият ва шароитлар яратилди, – дейди “Hong Da Glass” корхонаси раҳбари Янг Уза Ган. – Хусусан, Нурафшон шаҳридаги мазкур технопаркда ишлаб чиқариш тармоқлари ва логистикаси учун зарур шароитлар бор. Биз ҳам ўз бизнес лойиҳамиз асосида ойна ишлаб чиқарувчи корхонани ишга туширдик. Маҳсулотимиз нафақат Ўзбекистон учун, балки хорижга ҳам экспорт қилинмоқда. Бундан жуда хурсандмиз.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу йирик саноат мажмуаси Нурафшон шаҳрида қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва хорижий инвестициялар оқимини кўпайтиришга хизмат қилмоқда. Пресс-тур давомида ОАВ вакиллари соҳа мутахассислари ва хитойлик инвесторлар билан суҳбатлашди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/67oASVFvfJo?si=Lz97euNgkJONtS8P" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Мусаев, ЎзА.