Икки халқ муносабатлари тожикистонлик талабалар нигоҳида (+видео)
Марказий Осиё тарихида Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари ўртасидаги яқинлик алоҳида ўрин тутади. Асрлар давомида бир минтақада яшаб келган бу икки миллатни нафақат қўшнилик, балки умумий тарих, ўхшаш урф-одат, маданият ва тил муштараклиги ҳам бирлаштирган. Самарқанд ва Бухоро каби қадимий шаҳарларда шаклланган маданий муҳит томонлар руҳий яқинлигини мустаҳкамлаб, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган умумий қадриятлар тизимини яратган.
Бугунги кунда ҳам бу яқинлик кундалик ҳаётда яққол сезилади. Меҳмондўстлик, оилага ҳурмат, каттага иззат, кичикка меҳр каби қадриятлар ўзбек ва тожик жамиятида бир хил намоён бўлади. Ҳатто, тилларимиз ҳам ўхшашлиги халқларимиз ўртасидаги мулоқотни янада осонлаштиради. Шу боис икки мамлакат ёшлари бир-бири билан тез тил топишади, умумий маданий муҳитни ўзлариники каби қабул қилади.
Айнан шу муштараклик бугунги кун ёшлари орасида янгича теран мазмун касб этмоқда. Икки давлат дўстона алоқалари кучайиб бораркан, ёшлар ўзаро мулоқот ва ҳамкорлик орқали ушбу яқинликни янада мустаҳкамламоқда. Ёшларнинг қараши, орзулари ва келажак ҳақидаги тасаввури ҳам кўп жиҳатдан ўхшаш бўлиб, айни ҳолат минтақавий ҳамкорлик учун кучли замин яратади.
ЎзА мухбири Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида таҳсил олаётган тожикистонлик талабалар – Халқаро муносабатлар факультети талабаси Муҳаммадрафиқ Қобилов ва Халқаро иқтисодиёт ва менежмент факультети талабаси Муҳаммадали Фаёзов билан суҳбатлашди. Самимий мулоқот давомида улар Ўзбекистондаги талабалик ҳаёти, ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги ўхшашлик, маданий яқинлик ҳамда ёшлар ўртасидаги мулоқот ҳақида фикр билдирди. Қолаверса, икки халқни бирлаштириб турадиган қадриятлар ҳақида очиқ мулоҳаза юритилди.
Бугунги кунда таълим соҳаси ана шу яқинликни янги босқичга олиб чиқаётган муҳим кўприкка айланмоқда. Юртимизда таҳсил олаётган тожикистонлик талабалар нафақат билим оляпти, балки икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликнинг янги авлоди вакиллари сифатида шаклланмоқда.
<iframe width="640" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/ijo8EPpunUE?si=NgTL0RoqZEkTtNdI" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мусулмон Зиё,
Нишонбой Абдувоитов (видео),
ЎзА