Ички ишлар вазирлиги томонидан Бўстонлиқда “Болажонлар сайли” ташкил этилди
1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Ички ишлар вазирлиги ташаббуси ҳамда ҳамкор ташкилотлар иштирокида саратон ва оққон касаллиги билан даволанаётган болалар, шунингдек, хизмат вазифасини бажариш вақтида фожиали вафот этган ходимларнинг фарзандлари учун “Болажонлар сайли” ташкил этилди.
Бўстонлиқ туманида ўтказилган тадбирда жами 50 нафарга яқин болалар иштирок этди. Жумладан, 20 нафар оққон ва саратон касаллиги билан даволанаётган болалар ҳамда хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган ходимларнинг фарзандлари учун мазмунли дам олиш ва кўнгилочар дастурлар ташкил этилди.
Тадбирда ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи ўринбосари, подполковник Сахипжамал Джолдасова, масъул раҳбарлар, профессионал боксчи Исроил Мадримов ҳамда “Сен кучлисан” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Маржона Нурмуҳаммедова иштирок этди.
Дастур доирасида болажонлар Бўстонлиқ туманидаги “Чиноркент” дам олиш маскани, “Оқтош” болалар оромгоҳи ҳамда Тошкент вилояти ИИББ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасида бўлди. Улар учун турли кўнгилочар тадбирлар, концерт дастурлари ташкил этилди.
Шунингдек, болалар учун махсус техникалар кўргазмаси, кўргазмали чиқишлар ҳамда ижодий учрашувлар ўтказилиб, уларга эсдалик совғалари топширилди.
ЎзА